11:58 / 14.08.2019
30300

Ўзбекистонда қандли диабет билан касалланган беморлар сони ортиши кутилмоқда

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Маълум қилинишича, соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва эндокрин касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхислаш ва даволаш мақсадида Миллий дастур, чора-тадбирлар комплекси, “Йўл харитаси” белгилаб олинган.

Сўнгги икки йил ичида ҳудудларда эндокринология соҳасини комплекс ривожлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятлардан пойтахтимизга келиб мурожаат қилувчилар қарийб 3 баробарга қисқаргани таъкидланди. Айни пайтда юртимиз бўйлаб 650 нафардан зиёд эндокринолог шифокор фаолият юритмоқда.

Тадбир давомида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 25 октябрдаги буйруғига асосан, пилот вилоятларда 45 ёшдан ошган аҳоли орасида қандли диабет скрининги ўтказилаётгани ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, қандли диабетнинг сурункали асоратларини камайтириш, уларни юзага келишини кечиктиришга ва беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга йўналтирилган онлайн регистр ишлаб чиқилмоқда.

“2015 йилда қандли диабет билан касалланган 170 минг 536 та бемор рўйхатга олинган эди, — деди Соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Баҳодир Юсуфалиев. — Бугунги кунга келиб эса, 230 минг 610 та бемор рўйхатга ва назоратга олинган. Кўриб турибмизки, қандли диабетга чалинганлар охирги 3 йилда деярли 60 мингтага кўпайган. Бундан кейин скрининг текширувлари ва касалликни аниқлаш ишлари кўпайиб боради. Ўзбекистонда қандли диабет билан касалланган беморлар сони ортиши кутилмоқда”.

Қайд этилишича, олиб борилган тадқиқотлар ва Наманганда ўтказилган ўрганишлар натижасида мамлакатимизда қандли диабет билан касалланган беморлар сони (230 минг) келгусида 4-5 мартага ошиши мумкин.

“Ҳозирда шу 230 минг нафар бемордан 66 765 тасига давлат томонидан инсулин берилади, — деди Баҳодир Юсуфалиев. — Беморларимизнинг инсулин билан таъминоти — муҳим масала”.

Мулоқот мобайнида академик Ё.Х.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази олимлари ва етакчи мутахассислари томонидан инсон саломатлиги ва жамият ривожига салбий таъсир этувчи бундай касалликларнинг олдини олиш ва беморларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани хусусида тўхталиб ўтилди, дейилади агентлик хабарида.

Top