18:30 / 15.08.2019
2925

Ўзбекистонлик ёшлар «Eurasia Global» халқаро ёшлар форумида ўз лойиҳалари билан иштирок этяпти

Россия Федерациясининг Ёшлар масалалари бўйича Федераль агентлиги томонидан 12-18 август кунлари Оренбург шаҳрида «Eurasia Global» халқаро ёшлар форуми ўтказилмоқда. Унда иштирок этаётган 800 нафар ёшларнинг  500 нафарини Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Латвия, Ҳиндистон, Покистон, Япония, Эрон Туркия, Австралия, Испания, Хитой, Арманистон, Озарбойжон ҳамда Греция каби қатор хорижий давлатлар вакиллари ташкил этади. Халқаро Форумда Ўзбекистон делегацияси вакиллари ҳам ўз лойиҳалари ва тақдимотлари билан қатнашяпти.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари «Лойиҳа атрофида жамоани шакллантириш усуллари», «Бизнес – оммавий дипломатия воситаси», «Жамоавий лойиҳалар яратиш» мавзуларидаги семинарларда ўз тажрибаларини янада бойитмоқда. Халқаро ёшлар даврасида дунёнинг турли бурчакларидаги кўнгилли ёшларни руҳлантириш, жозибали фикрлаш, етакчилик қобилиятини шакллантириш, инсоннинг руҳий ҳолати ва касб танлаш маҳорати бўйича ҳам қизғин муҳокамалар олиб борилди.

Шунингдек, МДҲга аъзо давлатларнинг тарихи ва истиқболлари, кўпмиллатли ёшлар жамоасини бошқариш бўйича ўтказилаётган мулоқотларда турли таклифлар ўртага ташланди.

Бундан ташқари,  А.М.Горчакова номидаги оммавий дипломатияни қўллаб-қувватлаш Фонди мазкур форум доирасида хорижий давлатлар иштирокчилари учун грант танловлари ўтказади. Танловда вакилларимиз ҳам  ўз лойиҳалари билан иштирок этади.

«Форум доирасидаги тадбирларда ижтимоий лойиҳалаштириш, ёшлар стартаплари, маданият, санъат, тарих ва янги медиа бўйича фикр ва тажриба алмашяпмиз. «Eko.uz smart box» номли лойиҳам билан грант танловида ҳам қатнашиб, экологик муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшмоқчиман», – дейди Андижон вилояти, Балиқчи тумани «Олтин Ер Ҳимоя» АЖ бошқаруви раиси, «Мард ўғлон» давлат мукофоти совриндори Шаҳризод Мусабоев.

Top