Ўзбекистон | 22:28 / 01.11.2018
3136
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда туризм соҳаси вакиллари ва инвесторлар учун илк халқаро форум бўлиб ўтади

 19-21 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида биринчи марта туризмни ривожлантиришга йўналтирилган Халқаро Инвестиция форуми бўлиб ўтади. Тадбир ташкилотчилари – Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари, Ташқи савдо вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси.

Туризм инфратузилма ривожига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади ва бу уни охир-оқибат иқтисодиётнинг юқори даромадли соҳасига айлантиради. Шу боис туризм соҳасидаги халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, унга тўғридан-тўғри сармояларни жалб қилиш ва Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида 19 ноябрь куни “Ўзэкспомарказ”да туризм соҳасидаги биринчи Халқаро Инвестиция форуми ўз ишини бошлайди. 

Форум Европа ва Осиё мамлакатлари инвесторлари, халқаро молиявий институтлар ва туризм соҳаси билан боғлиқ ташкилотлар вакиллари, йирик маҳаллий ва хорижий компаниялар раҳбарларини ўзида жамлайди.

Тадбир дастурига мувофиқ, матбуот анжуманлари, “Чорвоқ”, Samarkand city, “Қадимий Бухоро” эркин туристик зоналари, Сурхондарё вилоятида кичик туристик зона яратишга доир лойиҳалар тақдимотларини ўтказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек форум иштирокчилари инвестициялар жалб қилиш учун салоҳиятга эга лойиҳалар билан яқиндан танишишлари учун минтақаларда бўлишади. 

Халқаро Инвестиция форуми якунларига кўра, инвесторлар ва туристик соҳа вакиллари ўртасида туризм соҳасида ҳамкорликка доир келишув ва меморандумлар имзоланиши кутилмоқда. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид