Жорий йилнинг 2 май куни Тошкентдаги Wyndham меҳмонхонасида “МДҲ – Ислом банкчилиги ва молияси бўйича форум – 2019” ўтказилади. 3-4 май кунлари эса «Ислом банкчилиги, такафул ва ислом микромолияси» мавзусида катта семинар ҳам ташкил этилади.

Мазкур тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, бизнинг тадбиркорларни улар учун янги бўлган Ислом банкчилиги ва молияси соҳаси билан таништириш, уларни ушбу соҳа имкониятларидан хабардор қилиш, бошқа мамлакатлардан ташриф буюриши кутилаётган мутахассислар, амалиётчи-олимлар ва бошқа меҳмонлар билан ушбу соҳада юз бераётган янгиликлар билан бўлишишдан иборат.

Шу ўринда МДҲ давлатлари учун ислом банкчилиги ва молияси анъанавий банк-молия тизимига муқобил барқарор молиявий ечим сифатида эътироф қилинаётганлигини айтиб ўтиш лозим деб ўйлаймиз.

Форум ҳақида батафсил маълумот беришдан аввал, келинг ислом банкчилиги ва молияси ўзи нима эканлигини яхшироқ билиб олайлик.

Ислом банкчилиги ва молияси ўзи нима?

Биз кундалик ҳаётимизда мурожаат қиладиган банклар, одатда биз банкдан оладиган кредитларни амалга оширмоқчи бўлган лойиҳа тақдири унчалик қизиқтирмайди, улар учун энг асосий вазифа – бу сиз олган маблағларни фоизи билан ўз вақтида қайтариб беришингиздир. Ислом банклари/молия муассасалари эса улардан фарқли ўлароқ, сиз маблағ жалб қилган лойиҳани муваффақиятли амалга ошишини сиз билан биргаликда таъминлаш ва шу орқали даромад топишдир. Бу турдаги банк ва молия муассасалари асосан икки турдаги хизмат – сармоя киритиш орқали ёки мижозга маҳсулотни насияга сотиш / ижарага бериш орқали даромад топишади. Хулоса қилиб айтганда, ислом молия муассасалари “қарз берувчи-қарздор” муносабатларига эмас, балки “сотувчи-харидор” ёки “ҳамкор” муносабатлари асосида фаолият юритишади.

Мамлакатимизда ислом банк-молия тизимини жорий қилиш масаласи

2018 йил май ойида Ўзбекистонда ислом банк иши ва инфратузилмасини жорий этишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси очиқ муҳокамага қўйилган эди. Қарор лойиҳасида тадбиркор ва фуқароларда фоиз юкига эга бўлмаган банк-молия ҳизматларига бўлган қизиқиш ва зарурият ортиб бораётгани қайд этилган. Шунингдек, ислом банк иши ва молияси тамойилларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш бўйича Комиссия тузилиши ҳам маълум қилинган.