Ўзбекистонда инвестицияларга тўсиқ бўлаётган омиллар қандай?
2019 йил 16 август куни «Инвестицияларга тўсиқ бўлаётган омиллар: тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари йўлидаги институционал чекловлар» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабар қилмоқда.
Тадбир Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан USAIDнинг Марказий Осиёда рақобатбардошлик, савдо ва иш ўринлари яратиш лойиҳаси (CTJ) доирасида ташкил этилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг келажаги ва унинг саноатлашган давлат сифатидаги мақоми мамлакат иқтисодиётини замонавий технологик асосда модернизация қилишга боғлиқ. Бу эса, ўз навбатида, ҳам маҳаллий, ҳам хорижий инвестицияларнинг катта оқимларини таъминлашни тақозо этади. Мамлакат иқтисодиётига жалб қилинаётган чет эл сармоялари ҳажмини кўпайтириш учун, аввало, инвестиция муҳитини дунё миқёсида белгиланган стандартлар даражасига олиб чиқиш лозим.
Сўзга чиққанлар қайд этганидек, жорий йил биринчи ярим йилликда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Ўзбекистонда 1,6 баробар кўп инвестициялар ўзлаштирилди. Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши 2,7 баробар, халқаро молия институтлари маблағлари жалб этилиши 3,7 баробар ўсган, инвестициянинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 38 фоиздан ошди. Олдинги йилларда бу кўрсаткич 25 фоизга ҳам етмасди.
Шу билан бирга, бугунги кунда инвестициялар оқимига тўсиқлар, уларни аниқлаш, бартараф этиш йўлларини топиш долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди. Жумладан, тўғридан-тўғри инвестициялар мамлакат учун ташқи молиялаштиришнинг муҳим манбаига айлангани, бу инновацион технологияларни татбиқ этиш ва бошқарувни яхшилаш нуқтаи назардан катта иқтисодий таъсирга эга эканлиги қайд этилди.
Анжуманда бу йўналишда мавжуд муаммолар таҳлил этилар экан, инвесторлар коррупция, маҳаллийчилик ва тўрачилик илдиз отган мамлакатларга сармоя киритишга мойил эмасликлари, чунки бундай ҳолатда вазиятни аввалдан бир неча йилга прогноз қилиб бўлмаслиги, қолаверса, бундай давлатларда бизнес юритишга кўп харажат сарфланиши ҳақида фикр юритилди.
Бу борада соҳага оид қонунчилик базасини такомиллаштириш, ундаги мулкдан, ердан фойдаланишга чекловларни бартараф этиш, тижорий низоларни кўриб чиқишда шаффофликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Бу каби муаммолар қаторида молиявий ресурслардан фойдаланиш имконияти чекланганлиги ва кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг юқорилиги, тегишли инфратузилманинг етарли даражада ривожланмаганлиги ҳам қайд этилди.
Шунингдек, амалдаги инвестицияларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги битимларни инвентаризация қилиш, айниқса, коррупцияга қарши курашишда илғор давлатлар тажрибасини ўрганиш хусусида ҳам фикр алмашилди.
Мавзуга оид
10:15 / 23.11.2024
Тошкентда уй-жойга инвестициялар даромадлилиги тушиб бормоқда
21:33 / 22.11.2024
Хитой Сурхондарёдаги мис ва кумуш конларига 2,7 миллиард доллар инвестиция таклиф қилмоқда
20:29 / 22.11.2024
Хоразмга 2025 йилда 1,5 миллиард доллар инвестиция жалб этиш режалаштирилди
21:10 / 18.11.2024