Ўзбекистон | 21:10 / 18.11.2024
3764
2 дақиқада ўқилади

Андижонда 1800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилиб, ишлаб чиқариш мажмуалари қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев 18 ноябр куни Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда қайд қилинишича, вилоятда олиб борилган ўрганишлар давомида қатор таклифлар аниқланган. Масалан, Олтинкўл ва Жалақудуқдаги 600 гектарда хитойлик инвесторлар томчилаб суғориш орқали қалампир етиштириб, қайта ишлаш лойиҳасини бошлаган. Бу орқали гектаридан 15 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиш ҳисоб-китоб қилинган. Пахтаобод туманида Бирлашган Араб Амирлиги компанияси билан ҳамкорликда 470 гектарда гилос ва резавор мевалар етиштириш йўлга қўйилган. Тадбиркор инвестиция мажбуриятини ўз вақтида бажараётгани учун давлатдан инфратузилма қилиб беришни сўраган. Вилоятдаги 4 та паррандачилик корхонаси фаолиятини тиклаб, эҳтиёжманд оилалардаги 650 нафар одамни ишга олиш имконияти аниқланган. Асакадаги «АДМ электрикс» корхонаси автомобиллар учун 28 турдаги симўтказгич ва мултимедиа тизимларини ишлаб чиқаради.

Йиғилишда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов шу каби имкониятларни ишга солиш бўйича қарор лойиҳасини тақдимот қилди. Унда 2025 йилда Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар назарда тутилган. Жумладан, 3 миллиард 100 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштириш, 334 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, 305 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида экспорт қилиш вазифаси белгиланган.

Шунингдек, вилоятда аҳоли зичлиги инобатга олиниб, ер масаласида имкониятлар яратилади. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган майдонлар, жумладан, қир-адирлардан жами 1 минг 800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилади. У ерларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, уй-жойлар барпо этилади.

Давлатимиз раҳбари таклифларни маъқуллаб, янги имкониятлардан самарали фойдаланиш, лойиҳаларни замонавий инфратузилма билан таъминлаш, аҳолининг бандлигини ва даромадларини ошириш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид