«Бунча чағалайни Болтиқ денгизида ҳам кўрмаганман»: эколог чиқиндилар сабабли Жуковский аэропортида самолёт ҳалокатга учраши мумкинлигини икки йил аввал айтган
15 август куни “Уралские авиалинии” авиакомпаниясининг Москвадан Симферополга учаётган А321 самолёти Жуковский аэропортидан ҳавога кўтарилишидан кўп ўтмай двигателлари ишламай қолиб далага қўнишга мажбур бўлди. Қушлар самолёт двигателларига кириб қолиши оқибатида ушбу ҳодиса содир бўлди. Аэропортдан икки километр узоқликдаги Глушица кўли ёнида ноқонуний чиқиндихона мавжудлиги бу ҳудудда қушларнинг кўпайишига сабаб бўлгани айтилмоқда. Москва области жамоатчилик палатасининг экология бўйича комиссия раҳбари Елена Гришина 2017 йилдаёқ чиқиндихонада чағалайларнинг кўпайиб кетиши авиаҳалокат келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.
“Аҳоли қўнғироқларидан сўнг 2017 йил бошида чиқиндихонага биринчи марта келгандим. Ўшанда қор бўлгани сабабли унчалик ваҳимали кўринмаганди, аммо баҳор келиб қорлар эриганида яна бир марта бу ерда бўлдик. Москва областининг ҳеч бир ерида бу даражада чиқинди уюлиб кетган жой йўқ”, дейди у.
Унинг сўзларига кўра, чиқиндихонада иккита қўрқинчли муаммо мавжуд.
“Биринчиси – чағалайлар. Бунчалик кўп чағалайни ҳаттоки Болтиқ денгизида ҳам кўрмаганман. Гап шундаки, бу ерда уларнинг максимал даражада тез кўпайиши учун барча шароит бор. Улар сувга ин қуришган, чиқиндилар уюмидан эса озиқ топишади. Агар ҳеч нарса қилинмаса, улар янада кўпайиши тушунарли эди. бу эса парвозлар учун хавф туғдиради, чунки учиш-қўниш йўлаги чиқиндихонадан бир километр узоқликда жойлашган.
Иккинчи муаммо – чиқиндихона қисмларидан бири ёнаётганди. Чиқиндихона яқинида эса ичида самолётларга қуйиш учун мўлжалланган ёнилғилар бўлган улкан цистерналар бор эди. бу жуда хавфли эди.
Шундан келиб чиқиб 2017 йилда чиқиндихонани тозалашга киришилди. Менга ҳамма вазият яхшиланганини айтиб хурсанд бўла бошлади. Аммо шу йил баҳорида у ерда яна бўлдим. Вазият анча яхшиланган дея олмайман. Ер устидаги чиқиндиларни тозалашган, аммо карьер ичидагилар ўшандайлигича қолган. Чағалайлар ҳам ўша ерда яшаяпти. Бундай қулай жойни ташлаб қаерга ҳам учиб кетишарди?
Бу нохуш оқибатга олиб келиши аён эди. Кеча А321 билан содир бўлган воқеадан кейин мен йиғлаб юбордим ва учувчиларимиз билан фахрландим. Вазиятни шу даражагача олиб келиш шартмиди.
Ҳозир чиқиндихона масаласини бартараф қилишларидан умидворман. Бундай ҳол яна такрорланишига йўл қўймаслик керак. Уни йўқ қилиш учун катта маблағ талаб қилинади. Гап ўн миллионлаб рубль ҳақида бормоқда, аммо инсонлар ҳаёти бундан кўра муҳим”, дейди Гришина.
Эслатиб ўтамиз, қушлар галаси билан тўқнашиб кетган самолётда 226 йўловчи ва экипажнинг 7 аъзоси бўлган. Лайнер ўчирилган двигателлар ва кўтарилган шассилар билан қўнишни амалга оширган. Экипаж йўловчиларни қутқарув трапи орқали эвакуация қилган. Охирги маълумотларга кўра, 76 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Мавзуга оид
14:01 / 15.11.2024
Лавров самолётига хорижда ёнилғи қуйишдан бош тортишаётганидан шикоят қилди
21:10 / 10.11.2024
Тошкентдан Жиддага учган самолёт ортга қайтишга мажбур бўлди
15:47 / 10.11.2024
Москва областига дронлар ҳужум қилди
12:02 / 02.11.2024