Жаҳон | 14:01
4971
3 дақиқада ўқилади

Лавров самолётига хорижда ёнилғи қуйишдан бош тортишаётганидан шикоят қилди

Хорижий компаниялар иккиламчи санкциялардан хавфсираб, Россия ташқи ишлар вазири бортига хизмат кўрсатишдан бош тортмоқда, деди Сергей Лавров.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров парвоз қиладиган «Россия» махсус парвоз отрядининг самолёти Украинада уруш бошланганидан кейин киритилган санкциялар туфайли бошқа мамлакатларда ёнилғи қуйишда муаммоларга дуч келмоқда. Бундай қийинчиликлар, хусусан, Жанубий Африка ва Бразилияда юзага келган, деди вазир 14 ноябр, пайшанба куни журналист Марина Ким билан «Новый мир» лойиҳаси учун чоп этилган интервюсида.

Лавровнинг сўзларига кўра, 2023 йилда у Йоханнесбургдаги БРИКС саммитида Россия президенти Владимир Путин номидан иштирок этиш учун Жанубий Африкага борганида, ортга қайтиш бўйича «бутунбошли ҳодиса» рўй берган. «Маълум бўлишича, авиация ёнилғиси билан ишлайдиган деярли барча компаниялар Жанубий Африкага тегишли эмас», — деди Лавров.

Унинг қўшимча қилишича, худди шундай ҳолат унинг БРИКСнинг бошқа давлати – Бразилияга ташрифи чоғида ҳам содир бўлган. «Ёнилғи қуйишнинг иложи бўлмади. Албатта, бу одамнинг ғашига тегади», деди вазир.

«Ғазаб кучаймоқда»

Сергей Лавров учинчи давлатлар иккиламчи санкциялардан қўрқса-да, у ерда чеклов чораларига риоя қилиш зарурати туфайли «муқаррар равишда ўз суверенитети учун норозилик шаклланяпти ва кучайяпти», деб ишонч билдирди. «Дунёдаги мамлакатларнинг ярмидан кўпи санкциялар остида. Албатта, улар Россия, Шимолий Корея, Эрон ва Венесуэлага нисбатан қўлланган санкциялар каби эмас. Улар ҳозир бундай дарғазаб эканининг сабаби - Хитой Американи тез ва ишончли тарзда ортда қолдириб кетмоқда», деди Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари.

Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери Ғарб давлатлари Россия иқтисодиётининг бутун тармоқларига санкциялар жорий қилди, Европа Иттифоқи эса рус самолётлари учун осмонини ёпди. АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия томонидан Лавровга қарши шахсий санкциялар қабул қилинган.

Мавзуга оид