21:29 / 20.08.2019
5451

«Таклифимиз ўз кучида» — Самарқанд вилоят туризмни ривожлантириши департаменти ҳукумат қарори бажарилмай қолганига изоҳ берди

Сайтимизда Самарқанд шаҳридаги «SHAHEREZADE SAM STAR TOUR» МЧЖ шикояти асосида Самарқанд тумани ҳокимлиги туризм ривожига очиқдан-очиқ тўсиқ бўлаётгани, Вазирлар Маҳкамаси қарорини писанд этмаётгани юзасидан мақола эълон қилинган эди.

Гап шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 июндаги 450-сонли қарори 53-бандида: «Самарқанд тумани ҳудудида туризм тоифасидаги автобуслар учун тўхташ жойи ва гараж, техник хизмат кўрсатиш устахонаси, ҳайдовчиларни жойлаштириш учун меҳмонхона ҳамда ошхона қуриш учун ер майдони ажратиш» топшириғи белгиланган.

Аммо мазкур корхона орадан икки йил ўтган бўлса-да бу фаолият учун ер ололмаган. Тадбиркор мурожаати асосида Самарқанд давлат ўрмон хўжалиги хўжалик ҳудудидаги 60 сотих ташландиқ, ўрмон билан қопланмаган ер ажратиб берилиб, қарор чиқарилган ва Самарқанд тумани ҳокимлиги захирасига қайтарилган. Аммо захирага қайтарилгач, ер бошқа шахсга бериб юборилганди.

Самарқанд вилоят туризмни ривожлантириш департаменти мазкур ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдирди.

«...Самарқанд давлат ўрмон хўжалиги 2018 йил 30 апрель куни ўзининг 22-сонли вакиллар йиғилишида «SHAXRЕZADЕ SAM STAR TOUR» МЧЖга автобуслар сақлаш, ҳайдовчиларга дам олиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида ер майдони ажратиш ҳақидаги мурожаати қаноатлантириб берган. Бироқ, ерни захирага қайтариш масаласи фақатгина Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитасининг ваколатига кирса-да, Самарқанд ўрмон бўлими 1-участкаси ер харитасининг 30, 57-контурини захирага ўтказишга қаршилик билдирмаслик мазмунида туман ҳокимига 2018 йил 30 апрель куни 76-сонли хат билан низомга зид равишда мурожаат этган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги «YOSHLAR-KELAJAGIMIZ» Давлат дастури тўғрисидаги ПФ-5466-сонли Фармонига асосан, фуқаро М.А.га қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш ва қайта ишлаш цехи қуриш учун туман ҳокимининг 2018 йил 12 ноябрдаги 4176-Қ сонли қарори билан давлат захирасидаги 23-контурдан 0,40 га ер майдон ажратилган.

Фуқаро М.А. ўзбошимчалик билан Ўрмон хўжалигига тегишли бўлган ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланганда, туман ҳокимининг 2018 йил 25 декабрдаги 5101-Қ сонли қарори билан мувофиқлаштирилиб, 23-контурдан 57-контурга ўзгартирилган. Аммо бу қарор ҳам кейинчалик прокуратура томонидан ўрганилиб бекор қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 450-сонли қарори тегишли иловасида «SHAXRЕZADЕ SAM STAR TOUR» МЧЖга «Самарқанд тумани ҳудудидан ер майдони ажратиб бериш қайд этилган бўлса-да, аммо туманнинг қайси ҳудудидан жой ажратиб бериш кўрсатилмаган. Бироқ, туман ҳокимлиги томонидан «SHAXRЕZADЕ SAM STAR TOUR» МЧЖга мазкур лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган қарори ижросини таъминлаш учун тадбиркорлик субъектига туманнинг бир неча жойларидан ер майдони ажратиш бўйича ўз таклифларини берган. Тадбиркорга берилган таклифлар бугунги кунда ҳам ўз кучини йўқотган эмас. «SHAXRЕZADЕ SAM STAR TOUR» МЧЖ туман ҳокимининг бу борадаги таклифини қабул қилмасдан, капитал қурилиш учун мўлжалланмаган, яъни Самарқанд Ўрмон хўжалиги ер харитасининг айнан 57-контуридан ер майдони ажратиб беришни талаб этган (Тадбиркор мазкур ҳолатни унга туризм учун ниҳоятда ноқулай бўлган, йўл, муҳандислик-коммуникация ривожланмаган ҳудуддан жой таклиф қилингани ва бу жойларда ишлаб бўлмаслиги билан изоҳлади —таҳририят).

Ваҳоланки, ушбу ер майдонида капитал қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқлангани сабабли, бундан аввалги тадбиркорга берилган ҳокимлик қарори ҳам прокуратура протестига асосан бекор қилинганди.

«SHAXRЕZADЕ SAM STAR TOUR» МЧЖга туризм тоифасидаги автобуслар учун тўхташ ва гараж, техник хизмат кўрсатиш устахонаси, ҳайдовчиларни жойлаштириш учун меҳмонхона ҳамда ошхона қуриш учун Самарқанд тумани «Мароқанд агротехсервис» агрофирмаси «Илонсой» массиви ҳудудидан ер майдони ажратиб бериш таклифи берилди», дейилади департамент изоҳида.

А.МУСТАФОҚУЛОВ тайёрлади.

Top