14:57 / 21.08.2019
9054

Бахтдаги мой ишлаб чиқариш цехида йирик ёнғин содир бўлди

Фото: ФВВ ЁХББ матбуот хизмати

2019 йилнинг 21 август куни соат 02:05да Сирдарё тумани Бахт шаҳар Тадбиркор маҳалласи Саноатчилар кўчасида жойлашган “Baxt moy invest” хусусий корхонасига қарашли мой ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган.

Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси хабарида айтилишича, воқеа жойига зудликда 6та ёнғин ўчириш автоэкипажи йўналтирилган. Биринчи бўлинмалар чақирилган манзилга соат 02:17да етиб борган вақтида корхонага қарашли хом ашё сақлаш омбори ва мой ишлаб чиқариш цехининг том қисми очиқ аланга билан ёнаётганлиги маълум бўлган. Ёнғин ўчириш бўлинмалари томонидан кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 02:25да қуршаб олиниб, соат 04:40да тўлиқ бартараф этилган.

Фото: ФВВ ЁХББ матбуот хизмати
Фото: ФВВ ЁХББ матбуот хизмати

Ёнғиндан корхонанинг 2672 кв. метр майдонда ишлаб чиқариш цехи, хом ашё сақлаш омборлари ва у ерда сақланиб келинаётган чигит маҳсулотлари сақлаб қолинган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ёнғин оқибатида хом ашё сақлаш омбори ва мой ишлаб чиқариш цехининг 568 кв. метр майдонда том-шифт қисми ёнғиндан зарар кўрган. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Top