Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Андижонда қўлбола тарзда дори воситалари ишлаб чиқараётган яширин цех фош этилди
Андижон шаҳрида 4 та юридик шахс “озиқ-овқат маҳсулотлари учун кимёвий қўшимчалар” ишлаб чиқариш ниқоби остида дори воситалари тайёрлаб келган. Қўлбола усулда тайёрланган маҳсулотлар орасида ҳатто болалар учун мўлжалланган сироплар ҳам бор. Яширин цехдан 100 турдаги 503 209 дона сифати кафолатланмаган тайёр дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Фото: Божхона қўмитаси
Андижонда сифати кафолатланмаган дори воситалари ишлаб чиқараётган яна бир яширин цех фош этилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Андижон шаҳридаги бир манзилда фаолияти ташкил этилган 4 та юридик шахс “озиқ-овқат маҳсулотлари учун кимёвий қўшимчалар” ишлаб чиқариш ниқоби остида сифати кафолатланмаган дори воситалари ҳамда биологик фаол қўшимчаларни тайёрлаб келган.
Яширин лабораторияда бугунги кунда аҳоли орасида кенг тарқалган “Vitamix”, “Gegsi”, “Ferrumfer”, “Winds Baby”, “Lyuvit”, “Yodovit”, “Gepporooz”, “Bifidolin”, “Yodoplyus” каби 100 турдаги маҳсулотлар тайёрланган. Улар орасида болалар учун мўлжалланган сироплар, оғриқ қолдирувчи воситалар, бўғим ва тери касалликлари ҳамда қон кўпайтириш учун препаратлар, турли шамчалар ҳамда махсус чойлар ҳам бўлган.

Ташқи кўриниши бежирим ва ишончли тарзда қадоқланган ушбу маҳсулотларнинг тайёрланиши ва сақланиши мутлақо антисанитария ҳолатида амалга оширилган.
Тезкор тадбир давомида яширин цехдан 13 дона дори ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш ускуналари, 6 дона муҳр, маҳсулотларга яроқлилик муддатини қадоқловчи қурилмалар, 214 минг дона ёзувсиз бўш шиша идишлар, 78 минг дона бўш капсулалар, 100 турдаги 503 209 дона сифати кафолатланмаган тайёр дори воситалари, 105 кг номсиз кукунлар ашёвий далил сифатида олинган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур маҳсулотларнинг умумий қиймати қарийб 5 млрд сўмни ташкил этади.
Аввалроқ Андижондаги яширин дори цехларидан 10 млрд сўмлик қалбаки дорилар мусодара қилинганди.

Мавзуга оид
19:01 / 10.05.2026
Андижонда “Ласетти” зовурга тушиб кетди
21:51 / 08.05.2026
Андижонда микроавтобусда 58 нафар болани ташиётган ҳайдовчи аниқланди
09:26 / 01.05.2026
Андижонда ер савдосида гумонланган ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла раиси қўлга олинди
17:00 / 28.04.2026