13:00 / 22.08.2019
20687

Андижонда сохта ИИБ терговчиси қўлга олинди

Фото: Андижон вилоят ИИБ Матбуот хизмати

Фуқаро Э.Ғнинг Андижон вилояти ИИБ қилган мурожаатига кўра, жорий йилнинг 25 июнь кунидан 16 август кунига қадар бўлган вақт оралиғида  исмини “Сардор” деб таништирган фуқаро ўзганинг мулкини товламачилик йўли билан қўлга киритиш мақсадида ўзини вилоят ИИБда терговчи лавозимда ишлашини айтиб, фуқаро Э.Ғнинг шахсий ҳаётига оид сир сақланиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор қилиш ҳамда бу учун жиноят кодексининг  тегишли моддаси билан жиноий жавобгарликка торттириб юбориши мумкинлиги билан қўрқитиб, ундан 300 АҚШ доллари талаб қилган. Фуқаро Э.Ғнинг қўрқиб кетгани ва ёрдам беришни илтимос қилганидан фойдаланиб,  ундан 200 АҚШ доллари, 225 минг сўм пули бўлган пластик картасини ва нархи 950 минг сўмга тенг бўлган “RedMI A5” русумли мобил телефон воситасини олиб, товламачилик жиноятини содир этган.

Олинган тезкор маълумотга асосан, жорий йилнинг 16 август куни  Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Андижон вилояти бўйича бўлими ҳамда жиноят қидирув бошқармасининг масъул ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. Ўзини ИИБ ходими “Сардор” деб таништирган шахс бошқарувида бўлган “Матиз” русумли автомашина тўхтатиб текшириб кўрилганида, автомашина салони ва юкхонасида фуқаро  Э.Ғ га тегишли бўлган 1 дона пластик карточка, қўрқитиш йўли билан Э.Ғ номидан ёзилган тушунтириш хати борлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган суриштирув ишлари давомида, ўзини вилоят ИИБ да терговчи бўлиб ишловчи “Сардор” деб таништирган шахс, аслида фуқаро А.А эканлиги, ички ишлар идоралари тизимида эса умуман фаолият юритмаслиги маълум бўлди. 

Юқоридаги ҳолат юзасидан  фуқаро А.А га нисбатан  2019 йилнинг 16 август куни Андижон шаҳар ИИОФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. 2019 йилнинг 17 август куни фуқаро А.А Ўзбекистон республикаси ЖК 165-166 моддалари билан судда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, шу кундан бошлаб унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўланилди.

Top