Ўзбекистон | 21:50 / 23.08.2019
75456
9 дақиқада ўқилади

«Мактаблар учун маблағни аямаймиз» — Президент таълим масалаларига бағишланган видеоселектор ўтказди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

«Давлатимиз раҳбари президентлик фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб юртимизда инновацион ва креатив фикрлайдиган, замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш, шу мақсадда таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Президентимиз йиғилишда мактаб таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада олдимизда турган долзарб вазифалар ҳақида фикр юритар экан, улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир» деган фикрини алоҳида таъкидлаб, бу масаланинг моҳияти ва аҳамиятига атрофлича тўхталиб ўтди.

Ҳақиқатан ҳам, жаҳондаги ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланганини кўрамиз. Чунки мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори бу – мактаб. Мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчилардир.

Маълумки, мураккаб ўтиш йилларида мактаблардаги маънавий-маърифий муҳит, ўқитувчи касбининг обрўйи, нуфузи пасайиб кетгани, янги давр педагогларини тарбиялаш, педагогика фанини ривожлантириш, инновацион таълим технологияларини жорий этишга етарли эътибор берилмагани соҳада бир қатор жиддий муаммоларни келтириб чиқарди. 

Кейинги йилларда ана шу муаммоларни самарали ҳал этиш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича мамлакатимизда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз томонидан халқ таълими тизимига оид 6та фармон ва қарор, Вазирлар Маҳкамасининг 21та қарори қабул қилиниб, бу соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари мустаҳкамланди.

Ота-оналар, жамоатчиликнинг истаклари инобатга олиниб, юртимизда 11 йиллик мактаб таълими тизими тикланди. Сўнгги уч йилда юртимизда 157та умумтаълим мактаби янгидан қурилди. 

Улуғ алломаларимиз – Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева номлари билан аталган ижод мактаблари, «Темурбеклар мактаби», Президент мактаблари, хусусий мактаблар сингари янги ва замонавий намунадаги таълим даргоҳлари ташкил этилгани юртимиз фарзандлари учун таълим-тарбия олиш борасида янги имкониятлар очиб бермоқда. 

Таълим-тарбия ишларини самарали олиб боришда эркак ўқитувчиларнинг алоҳида ўрни ва таъсири борлиги ҳисобга олиниб, кўрилган аниқ чора-тадбирлар натижасида халқ таълими тизимига 12 минг 871 нафар эркак ўқитувчи қайтди. 

Педагог ходимлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича катта ишлар қилинмоқда. Охирги 3 йилда ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 2,5 баробар оширилди. Узоқ туманларга бориб ишлаётган педагог кадрлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича аниқ мезонлар белгиланди. Уларга 50 фоизгача қўшимча ойлик устамалар тўланмоқда. Бу олис ҳудудларда етишмаётган мингдан зиёд ўқитувчини жалб этиш имконини берди. Нафақа ёшида фаолиятини давом эттираётган ўқитувчиларга пенсияси тўлиқ миқдорда берилмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида

«Ҳурматли муаллимларимиз, жонкуяр мактаб директорларини, соҳа фахрийларини эл-юртимизнинг таянчи ва суянчи, деб биламиз. Мактаблар тизимини ривожлантириш учун бундан буён ҳам маблағни, имкониятни асло аямаймиз. Келажак авлодимиз тақдири, бутун миллатимиз, халқимиз, давлатимиз тақдири муҳтарам муаллимларга боғлиқ», дейди президент. 

Аммо амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларга қарамасдан, таълим тизимида ҳамон тизимли муаммолар борлиги, мактабларнинг моддий-техник базаси, айрим педагог ходимларнинг билим ва малакаси бугунги замон талабларига жавоб бермаслиги йиғилишда танқид қилиб ўтилди.  

Таълим-тарбия соҳасида замонавий ва оқилона тизим яратиш, ўқитиш методлари, таълим стандартлари, дарслик ва ўқув қўлланмаларини янгилаш зарурлиги, билим беришда чет элдаги илғор тажрибалардан фойдаланиш, тарбияда эса миллий анъана ва қадриятларга суяниш муҳимлиги қайд этилди. 

Давлатимиз раҳбари «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» деган тамойилга асосланган ҳолда, миллий ғоя ва унинг мафкуравий негизларини пухта ишлаб чиқиш, ёш авлодни болаликдан миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлади. 

Мактаблардаги камчиликларни тузатиш, таълим сифатини назорат қилиш учун ота-оналар, кенг жамоатчиликнинг иштироки зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. 

«Мактаб бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи. Уни давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ўзи ҳал қилолмайди. Бу бутун жамиятнинг иши, бурчига айланиши керак», деди Шавкат Мирзиёев.

Видеоселекторда халқ таълими тизимини тубдан такомиллаштириш, муаммоларни комплекс ҳал қилиш масалалари чуқур таҳлил қилиниб, келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 29 апрелдаги фармонига мувофиқ, Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Унда 48 та мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича аниқ механизмлар белгиланди.

Масалан, 2030 йилга бориб ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича PISA халқаро дастури рейтингида Ўзбекистоннинг жаҳондаги етакчи 30 та мамлакат қаторидан жой эгаллаши мақсад қилиб қўйилган. 

Давлатимиз раҳбари ўқитувчининг мақоми ва нуфузини ошириш, ҳуқуқлари ва имтиёзларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. 

«Мактаб ўқитувчисини моддий рағбатлантирмасак, унинг ҳаёт сифати даражасини оширмасак, ислоҳот, натижа ҳақида гапира олмаймиз», деди Президент. 

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси, Молия ва Халқ таълими вазирликларига 2020 йилда халқ таълими ходимлари ойлик иш ҳақини ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди. Узоқ қишлоқлардаги мактабларга ўқитувчиларни жалб этишни янада рағбатлантириш учун уларга уй-жойлар, автотранспорт учун кредитлар бериш ҳам кўзда тутилган.

Бу ишлар давлатимиз томонидан изчил давом эттирилади. Лекин бу – масаланинг бир томони. Иккинчи томондан, ўқитувчи ва мураббийларнинг ўзи ҳам билим ва савиясини ошириш, жамоат ишларида фаол иштирок этиш, ҳалол меҳнати ва ташаббускорлиги билан бу касбнинг обрўсини ошириши кераклигига урғу берилди. 

Низомий номидаги университет, ҳудудларда 6 та педагогика институтлари мавжуд. Республика таълим маркази, Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, вилоятларда ҳам шундай институтлар бор. Лекин ўқув-тарбия жараёнини такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг билим ва савиясини юксалтиришда, афсуски, уларнинг ўрни сезилмаяпти.  

Йиғилишда педагогика йўналишидаги олий ўқув юртлари фаолиятини танқидий ўрганиб, такомиллаштириш, уларни энг нуфузли таълим муассасаларига айлантириш, педагогликка мойиллиги бўлган ёшларни мақсадли тарбиялаб бориш бўйича вазифалар белгиланди. 

Президент мактаблари ва ижод мактаблари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида тузилма ташкил этилиши маълум қилинди.

Мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш, «Миллий ғоя», «Одобнома», «Динлар тарихи», «Ватан туйғуси» каби фанларни бирлаштирган ҳолда, ягона «Тарбия» фанини жорий қилиш зарурлиги қайд этилди. Мактабларга буюк алломалар, давлат ва сиёсат арбоблари, машҳур саркарда аждодларимизнинг номларини бериш муҳимлиги таъкидланди.

Оиладаги таълим-тарбия муҳити, ота-оналарнинг масъулияти ва ўқитувчилар билан ҳамкорлиги масалаларига ҳам эътибор қаратилди.  

Мактаб ҳаёти, фидойи ўқитувчилар ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар, спектакль ва видеороликлар яратиш бўйича тавсиялар берилди. 

«Моддий ва маънавий ҳаётни уйғун ривожлантиришимиз керак. Мактаб бу борада асосий бўғин бўлиши лозим. Мактаб таълимини ривожлантириш биз учун буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур», деб уқтириб ўтди давлатимиз раҳбари. 

Йиғилишда иштирок этган раҳбар ва мутасаддилар, таълим соҳасида фаолият юритаётган тажрибали ва фидойи муаллимлар, зиёлилар, маҳалла фаоллари муҳокама қилинган масалалар юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.

Мавзуга оид