13:45 / 29.08.2019
5
43143

Лондоннинг машҳур автобуси нега айнан қизил рангда ва икки қаватли?

Лондон номини эшитишингиз биланоқ миянгизда нима биринчи бўлиб гавдаланади? Кимдир дарров Биг-Бен, Тауэр кўприги ёки таниқли телефон қутиларини хаёлига келтириши мумкин. Аксарият кишининг хотирасида эса биринчи навбатда пойтахт кўчаларини тўлдириб ҳаракатланувчи икки қаватли қизил автобуслар (даблдекер) сурати пайдо бўлади. Бироқ, ушбу транспорт воситасининг шунчалик ажабтовур кўринишга эгалиги кўпчиликка номаълум. Икки қаватли ҳолатда ва айнан шу рангда яратиш ғояси қаердан уйғонган?

Биринчи автобуслар

Ҳеч кимга сир эмаски, йирик шаҳарларнинг ҳар қайсиси бир муаммога қайта-қайта дуч келади — аҳоли сони ортиши ва мос равишда транспортга бўлган юқори талаб. Лондон ҳам мустасно эмас, ундаги илк омнибуслар ўн тўққизинчи асрнинг 20-йилларида пайдо бўлди. Улар отлар тортиши билан ҳаракатга келадиган извошларнинг бир тури бўлиб, ўз навбатида автобусларнинг «аждодлари» эди. Ушбу транспорт бир вақтда 15-20 йўловчини ташишга хизмат қилган. Вақт ўтиши билан омнибуслар нисбатан енгилроқ ҳаракатланиш учун рельслар бўйлаб қатнай бошлаган.

Бироз вақт ўтиб омнибуслар шундай тус олди

Аммо Буюк Британия пойтахти аҳолиси шиддатли равишда ўсиб борди. Янада кўпроқ одамни ўзида сиғдира оладиган бошқа транспорт ихтиро қилиш заруратга айланди. Айнан ўша вақтда қўшимча қават яратиш таклифи пайдо бўлган. Шундай қилиб, 1847 йилдан бошлаб қўш қаватли конструкция доимийга айланди. Ваҳоланки эслаб ўтиш лозимки, шинамлик борасида сўз юритиб бўлмасди, бундай омнибусда манзилга етиб олиш ёқимли машғулотлардан саналмаган. Фақатгина 5 йил ўтиб араванинг кичик қулайликларга эга модели яратилди. Вақтлар ўтиб Лондонда транспортлар тури ортди, омнибуснинг двигателли тури ҳаракатлана бошлади, аммо икки қават анъанаси сақланиб қолди.

Донғи кетган даблдекер Routemaster номига эга, яъни сўзма-сўз таржима қилганда «йўл хўжайини». Бу, умуман олганда, айни ҳақиқат. Ахир қизил ранг тасодифан танланмаган — у Лондоннинг яна бир ўзига хослиги бўлган туманли об-ҳавода ҳам автобусни назардан четда қолмаслигига ёрдам беради.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top