Жамият | 19:49 / 30.08.2019
10107
2 дақиқада ўқилади

Абитуриентлардан ДТМга 3 мингдан ортиқ ариза тушди

Бугун, 30 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Давлат тест марказининг 2019-2020 йилги тест жараёнлари якунлари бўйича пресс-брифинг ўтказилди. Унда бошқа муҳим масалалар қатори апелляция жараёни қандай кетаётгани ҳақида ҳам ахборот берилди. Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Севар Зуфархўжаева қайси фанлар саволлари бўйича энг кўп шикоят тушгани ҳақида айтиб ўтди.

«Беш кундан бери абитуриентларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқяпмиз. 3000дан ортиқ ариза келиб тушди. Бу ўтган йилгига қараганда тахминан 1000тага кам. Мурожаатларнинг энг кўп қисми она тили ва адабиёти фани бўйича ва бу ҳолат нормал, деб қабул қилинади. Негаки, барча йўналишларда бу фан мавжуд. 5 кунлик натижаларни айтадиган бўлсам, биргина она тили ва адабиётидан 983 нафар абитуриентдан апелляция қабул қилинди. Саволлар тўғри тузилгани бўйича ДТМ экспертлари ва ташқаридан шу соҳа мутахассислари ҳам жалб қилинади. Қўшимча маълумот ўрнида айтишим мумкинки, она тили ва адабиёти фани тест саволларининг 20таси она тилидан, қолган 10таси адабиётдан тузилади. Бу йили тест базасини шакллантиришда қийинчиликлар бўлди, чунки коллеж, лицей ва мактаб битирувчилари ўқув дастурлари баъзи жойларда бир-бирини инкор қилади. Улардаги умумийликни топишда қийинчиликларга дуч келдик», дея уунинг сўзларини келтирмоқда мухбири.

ДТМ директори Мажид Каримовнинг қўшимча қилишича, физика, тарих, рус тили, математика ва кимё фанлари бўйича ҳам апелляциялар миқдори юқори.

Мавзуга оид