Жамият | 21:10 / 30.08.2019
20417
2 дақиқада ўқилади

ДТМ кимё фани тест саволлари юзасидан изоҳ берди

Бугун, 30 август куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат тест маркази раҳбарияти иштирокида анжуман бўлиб ўтди. Мутахассислар кимё фанидан тузилган тест саволлари бўйича кенг жамоатчилик томонидан бўлаётган эътирозларга жавоб беришди. ДТМ кимё фани эксперти Юсуф Абдусоатов бу бўйича ахборот берди.

«Кимё фани саволлари 3 хил қийинчилик даражасида (бошланғич, ўрта, юқори) тузилади. Бошланғич даража саволлари 8та, ўрта даражадагилар 16та ва юқори босқичли саволлар эса 6тани ташкил қилади. Умумий 30та саволдан 9-10таси назарий, қолгани масалалардан иборат. Битта масалага кетадиган вақт қийинлик даражасига қараб 30 секунддан 2 дақиқа 30 секундга қадар чўзилади. Илгарилари саволлар ўзбек тилида ва рус тилида алоҳида тузилган. Шунинг учун русча саволлар бирмунча осонроқ бўлган. Ҳозир вазият ўзгарди. Кимё фани саволлари аввал ўзбек тилида тузилади ва шундан сўнг рус тилига таржима қилинади. Бундай амалиёт билан иккала тилда ҳам саволлар даражаси бир хиллигига эришилади. Саволлар аввал рус тилида тайёрланган ва ўзбек тилига таржима қилинган, деган фикр асоссиз», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Абдусоатовнинг сўзларига кўра, бу йилги кимё фани саволлари олдинги йилгига нисбатан ўзгартирилган. Кимё амалий фан бўлгани учун мантиқий фикрлашга чорлайдиган саволлар кўпайтирилган. Умумий ҳисобда саволлар базаси 5000-6000тани ташкил этади.

Мавзуга оид