16:13 / 30.08.2019
0
17945

Лондон ва Римда дербилар. Ҳафтанинг асосий тўқнашувлари анонси

Бу ҳафта дам олиш кунлари жуда қизиқ ўтади – Европада якунланаётган трансфер ойнасидаги энг сўнгги ва қизғин маълумотларни кузатишингиз, орада эса, ажойиб футбол учрашувларини томоша қилишингиз мумкин. «Ливерпуль»нинг Бёрнлига, «Барселона»нинг Осасунага сафари, ҳужумчисиз қолган «ПСЖ», «Интер» учун янги синов – ҳаммаси қизиқ. Лекин анонсимизга имкон қадар тенг курашлар остида кечиши кутилаётган учрашувларни йиғдик. Уларнинг ичида дербилар ҳам кўплигини эътиборга олсак, бизни байрам кунлари футбол зериктирмайди.

«АТЛЕТИК» – «РЕАЛ СОСЬЕДАД» (31 августга ўтар кечаси, 01:00)

Басклар дербиси бу сафар янада қизиқарли ўтишини тахмин қилса бўлади, чунки мавсумни ҳар икки жамоа ҳам кўтаринки руҳда бошлашди. Бильбаоликлар «Барселона» устидан қозонилган ажойиб ғалабадан сўнг, «Хетафе» майдонидан дуранг билан қайтди. «Сосьедад» эса, ҳар икки ўйинни сафарда ўтказди – Валенсияда дуранг ва Мальоркада ғалаба. «Хетафе» ҳам, «Валенсия» ҳам ўтган йили еврокубоклар зонасидан ўрин олгани инобатга олинса, басклар учун анча жиддий натижа.

Сосьедадликлар таркибида «Реал»дан ижарага олинган Мартин Эдегорни кўриш қизиқ бўлади. Ўтган мавсумда Эредивизияда ўзини кўрсатган, ҳали ҳам ёш бўлган яримҳимоячи Мальоркадаги ўйинда ғалаба келтирган ягона голни урганди. Шунингдек, ўтган мавсумда «Жирона»нинг етакчи футболчиси бўлган Порту жамоаси қуйи лигага тушиб кетгач «Сосьедад» таркибига қўшилди. Бу ҳам эътиборли трансфер. «Атлетик» таркибида алоҳида тилга олиш мумкин бўлган трансферлар ҳозирча йўқ, аммо жамоадаги мавжуд футболчилар, айниқса, ҳужум чизиғидаги Иньиаки Уиллямс ва Адурис ҳар қандай рақиб ҳимояси учун бош оғриғи бўла олади.

Ўтган мавсумда ҳар икки ўйинда «Сосьедад» ғолиб бўлган, Бильбаодаги ўйин меҳмонларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топганди. Умуман сўнгги 20 ўйиннинг қарийб ярмида «Реал Сосьедад»нинг қўли баланд келган. «Атлетик»нинг ушбу стадиондаги дербида қозонилган сўнгги ғалаба 2016 йилнинг октябрига тўғри келганини назарда тутсак, маҳаллий ишқибозлар анчадан бери дербидаги ғалабани соғиниб қолишган.

«ЮВЕНТУС» – «НАПОЛИ» (31 август, 23:45)

А Сериянинг энг кучли икки жамоаси дастлабки турлардаёқ ўзаро тўқнаш келиши, балки яхшидир. Ҳеч қандай очко фарқлари ва стратегия бўлмайди – ҳар икки мураббий фақат ғалаба қозониш кераклигини, бу ўйиндаги муваффақият узоқ вақтгача турнир жадвалини бошқариш имкониятини тақдим қилиши мумкинлигини яхши билиб туради.

Балки шу тарафдан, мураббийлар ўйинга бироз прагматик ёндашишлари ва ҳаммамиз яхши кўрадиган очиқ футболни кўрмаслигимиз мумкин. Лекин бу ер Италия, нафақат голлар ва кураш, балки буюк мураббийларнинг тактик юришлари билан ҳам қизиқ. Ахир Сарри «Ювентус» билан собиқ жамоаси «Наполи»га қарши, Анчелотти эса, «Наполи» билан собиқ жамоаси «Ювентус»га қарши. Ажойиб интрига.

Аслида, қарама-қарши ғояларга эргашадиган бу икки мураббий ўз клубларини ўзгартиришни бошлаганликлари табиий, бу томондан, жуда ҳужумкор ва прессингни хуш кўрадиган «Наполи»нинг «ювентуслашиш» жараёни, шунингдек, «Ювентус»нинг «наполилашиш» жараёни турли босқичларда кетаётгани табиий. Демак, жамоаларнинг биз ўрганиб қолган услубидан ташқари, характердаги ўзгаришларни пайқаймиз, қайси жамоа қандай йўналишни танлашини олдиндан тахмин ҳам қила олмаймиз. Бу ўйинда Сарри туфайли «Ювентус» жуда юқори прессинг намойиш қилиши, Анчелотти туфайли «Наполи» прагматизмга мурожаат қилиши ҳам мумкин, ёки аксинча, жамоалар йиллар давомида шаклланган услубдан устунлик сифатида фойдаланишлари мумкин. Яъни, бу ўйинда агар жамоалар либосини айтмаса, бир қараганда уларни аниқ фарқлаш осон бўлмайди.

Биринчи турда ҳар икки жамоа ҳам ғалаба қозонди. «Ювентус» биргина гол билан кифояланган бўлса, «Наполи» Флоренциядаги қувноқ учрашувда 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Таркиблар борасида мезбонлардан Аарон Рэмси, меҳмонлардан Хирвинг Лосано сафдан четда қолаётганди. Жароҳатдан тикланиб, машғулотларга киришган бу футболчилар балки иккинчи бўлимда Италиядаги дебют ўйинларини ўтказишлари мумкин. 

«ЭВЕРТОН» – «ВУЛВЕРҲЭМПТОН» (1 сентябрь, 18:00)

Ҳафтанинг энг қизиқарли учрашувларидан бири. Қайсидир маънода Португалия дербиси десак ҳам бўлади, сабаби, ҳар икки жамоани ҳам португалиялик мураббийлар бошқаришади. «Вулверҳэмптон» эса, умуман Португалиянинг Британия оролидаги филиали деб ҳам аташ мумкин. АПЛда 9 нафар португалиялик ва яна беш нафар Испания, Мексика ва Бразилия каби мамлакатлардан ташриф буюрган футболчилар билан муваффақиятга умид қилиш ҳақиқатан ҳам – оптимизм. Лекин Нуну Сантуш буни эплаяпти. Ўтган мавсумда еттинчи ўринни банд этиб, ушбу мавсумда Европа Лигаси гуруҳ босқичига йўлланма олган «бўрилар»нинг нияти жиддий.

«Эвертон» эса, умуман, трансфер бозоридаги ўзини тутиши, тарихи ва имкониятлари борасида, ростан ҳам топ-еттиликка кирадиган клуб. Маркус Сильва шогирдлари аслида, ўз даражаларидан бироз паст қатнашишаётган бўлса-да, ҳар доимгидек, август ойида ниятлар жиддий. Таркибда Гомеш, Бернард, Динь, Шнайдерлин, Уолкотт, Мойзе Кин каби ҳатто Чемпионлар Лигаси тажрибасига эга бўлган футболчилар бор.

Айтиш мумкинки, ҳар икки жамоа сўнгги турни кутилмаган натижалар билан якунлашди. «Эвертон» сафарда лига дебютанти «Астон Вилла»дан мағлубиятга учраган бўлса, «Вулверҳэмптон» «Бёрнли» билан уй ўйинида мағлубиятдан аранг қутулиб қолди. Лекин клублар ҳафта ўртасида ўтказилган бошқа турнирларда ғалаба қозониб, кайфиятни яхшилаб олишди. Сантуш жамоаси «Торино»ни енгиб, Европа Лигасида, «Эвертон» эса, сафарда «Линкольн» устидан ғалаба қозониб, Англия Лигаси Кубогида кейинги босқичга чиқишди. Демак, ҳар икки жамоа ҳафта ўртасида учрашув ўтказганини назарда тутсак, вазиятлар тенг. Фақат «Эвертон» бир кун олдин майдонга тушгани ва аксарият асосий футболчиларга дам бергани учун бироз устунликка эга.

«АРСЕНАЛ» – «ТОТТЕНҲЭМ» (1 сентябрь, 20:30)

Дербилар ҳафтасида Шимолий Лондон четга қараб туриши мумкин эмасди. Англиянинг энг қўҳна ва кескин қарама-қаршиликларидан бири яна мухлисларга мунтазир. Ушбу жамоаларнинг АПЛнинг 3-туридаги муваффақиятсизликларидан келиб чиқсак, ўйин янада кескин ўтишини тахмин қилиш осон.

«Арсенал» «Ливерпуль»га қарши ўйинда умуман муносиб кўринмади, жамоа бош мураббийи Унаи Эмери рақибга қарши қўрқоқ тактика танлагани учун танқид остига олинди. «Тоттенҳэм» эса кутилмаганда ўз майдонида «Ньюкасл»га имкониятни бой берди. Аслида, «Астон Вилла» билан ўйинда ҳам жамоа узоқ вақт ҳисобда орқада борган, фақат иккинчи бўлимнинг иккинчи қисмида Кристиан Эриксен майдонга тушиши вазиятни ўнглаганди. Бу сафар «Ньюкасл» ҳимояси босимга дош бера олди. Умуман, «Тоттенҳэм» мавсум бошида у қадар салобатли кўринмаяпти ва жиддий муаммоларга дуч келяпти, деб айтиш мумкин.

Аввало, Деле Аллининг жароҳати ҳужум чизиғидаги вариантларни камайтирмоқда ва рақиблар вазифасини осонлаштириб беряпти. Энди эса, янги трансфер, биринчи ўйинда кўпчиликка ёққан Ндомбеле, шунингдек, ёш ҳимоячи Уолкер-Петерснинг сафдан чиққани меҳмонларга қўшимча муаммолар яратиши мумкин. Эмери эса «Ливерпуль»га қарши ўйинда «синалган» «ромб» схемасидан топ-ўйинлар учун воз кечади, деган умиддамиз. Чунки позицион, айниқса қанотлари актив бўлган рақибга қарши бу услуб иш бермаслиги амалда ўз исботини топди.

Ўзаро ўйинларга келсак, «Арсенал» икки йилдан бери ўз майдонидаги ўйинларда ишончли ғалаба қозониб келмоқда. Фақат Англия Лига кубогидаги баҳсда «Тоттенҳэм» меҳмонда ғалаба қозонган, аммо бу ўйинларга клубларнинг муносабатини яхши биласиз. Умуман, сўнгги 20 дербининг 8тасида «Арсенал», 6тасида «Тоттенҳэм» ғалаба қозонган. Яна олти ўйин дуранг билан якунланган. Бу ўйинлардаги сўнгги йирик ҳисоб эса 2012 йилда кузатилганди. Қизиқ томони, «Арсенал» ўз майдонида «Тоттенҳэм» устидан кетма-кет икки марта бир хил – 5:2 ҳисобида устун келган экан.

«ЛАЦИО» – «РОМА» (1 сентябрь, 21:00)

Рим дербиси ҳар доимгидек жуда қизиқарли ўтишига шубҳа йўқ. Сўнгги йилларда бу жамоалар турнир жадвалида ҳам тўғридан-тўғри рақобатчига айландилар ва Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда. Демак, бемалол бу учрашувни олти очколик ўйин деб айта оламиз.

Ниҳоясига етиб бораётган трансферлар ойнаси ракурсидан қаралганда, «Рома»да янгиликлар кўпроқ. Де Росси клубни тарк этиши кутилган ва табиий қарор эди, асосан ҳимоя чизиғи етакчиси Маноласнинг кетиши жамоа ўйинига сезиларли таъсир кўрсатиши шубҳасиз. «Рома» унинг ўрнига «МЮ»дан Крис Смоллингни олиб келмоқда, аммо бу ўйинда англиялик ҳимоячи майдонга тушмаса керак. Фасио – Хесус жуфтлиги эса, ҳимоя марказида у қадар ишончли кўринмади – «Женоа»га қарши уй учрашувида ўткзиб юборилган уч гол бунга яққол далилдир. Шунингдек, «Челси»дан ижарага олинган Дзапакостанинг Италияга қайтишини ҳам кўриш қизиқарли бўлса керак. «Ювентус»дан ўтган Леонардо Спинаццоллада эса кичик жароҳат бор.

«Лацио» мавсумни жуда яхши спорт формасида бошлади. Мавсумолди ўтказилган барча тўрт ўйинда римликлар ғалаба нашидасини суришди. Мағлуб этилган жамоалар ичида АПЛ вакили «Борнмут», Испаниянинг «Сельта» клублари борлиги ҳам натижалар жиддий эканини кўрсатади. Биринчи турда эса «Сампдория» каби кучли рақиб сафарда йирик ҳисобда «ер тишлатилди». Чиро Иммобиле ҳамон гол уришда давом этмоқда, Милинкович-Савич бу сафар ҳам ҳеч қаерга кетмади, Алберто, Лулич, Пароло ва Корреа каби футболчилар эса ишончни оқлашда давом этишмоқда. Симоне Индзаги дербида фақат Жордан Лукаку хизматидан фойдалана олмайди, холос.

Ўзаро ўйинларга қарасак, сўнгги йилларда табиийки, «Рома»нинг устунлиги бор, аммо ўтган баҳордаги охирги Рим дербисида «Лацио» 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

«ВИЛЬЯРЕАЛ» – «РЕАЛ» (1 сентябрь, 23:55)

Турнир жадвалидаги ҳолатдан қатъи назар, ушбу жамоалар ўртасидаги сўнгги ўйинлар жуда қизиқарли кечмоқда. Мадриддаги охирги учрашув мезбонларнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган бўлса, Вильяреалдаги сўнгги икки учрашувда 2:2 ҳисоби қайд этилган. Ҳар икки ўйинда ҳам «Реал» ҳисобда олдинда борган, аммо сўнгги ўн дақиқадаги фаоллик эвазига «Вильяреал» ўйинларни қутқариб қолишга эришганди. Қизиғи, ушбу стадионда «Реал» ғалаба қозонган сўнгги ўйин – 2017 йилнинг февралида ҳам жуда кескин кураш кечган. Мезбонлар иккинчи бўлимда икки тўп фарқи билан олдинда боришганига қарамасдан, ўйин охирларида мадридликлар уч гол уришганди. Демак, бу ўйинни ўтказиб юбориш мумкин эмас.

«Реал» жуда қийин аҳволда. Мавсумни ишончли ғалаба билан бошлашганига қарамасдан, таркибдаги жароҳатлар ҳам мавсумолди йиғинларига, ҳам дастлабки турларга таъсир қилиши тайин эди. «Вальядолид»га кечган учрашувда мадридликлар тўпни яхши назорат қилган бўлишса-да, вазиятлар яратиш борасида муаммолар кўзга ташланганди. Азар, Менди, Асенсио, Диас каби жароҳатланган футболчилар сафига, энди Иско ва Хамес ҳам қўшилди. Зидан таркиб танлашда муаммоларга дуч келиши мумкин. Мезбонлар таркибида жароҳатланган футболчилар Сориано, Морено ва Пеньянинг ҳам ўрни беқиёс, албатта.

«Вильяреал» ҳали мавсумда ғалаба қозонмаган бўлса-да, вазиятлар яратиш ва гол уришда муаммоларга дуч келгани йўқ. Жамоа икки турдан сўнг, беш гол уриб, «Барселона» билан биргаликда лиганинг энг сермаҳсул жамоаси бўлиб турибди. Шу билан бирга фақат сўнгги ўриндаги «Бетис»дан камроқ гол ўтказиб юборилган, холос – 6та. «Реал»нинг ҳимоя ва ҳужумдаги муаммоларини эътиборга олсак, «Вильяреал» Зидан жамоасининг бугунги ҳолатида энг ноқулай рақиблардан бири бўлиши шубҳасиз.

БОШҚА ЎЙИНЛАР.

30 август. СЕВИЛЬЯ – Сельта (23:00), Боруссия М – ЛЕЙПЦИГ  (23:30), Метц – ПСЖ (23:45) 

31 август. Саутҳэмптон – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (16:30), БАВАРИЯ – Майнц (18:30), ЧЕЛСИ – Шеффилд (19:00), МАНЧЕСТЕР СИТИ – Брайтон (19:00), Осасуна – БАРСЕЛОНА (20:00), ЛИОН – Бордо (20:30), МИЛАН – Брешия (21:00), Бёрнли – ЛИВЕРПУЛЬ (21:30), Союз Берлин – БОРУССИЯ Д (21:30),

1 сентябрь. АТЛЕТИКО – Эйбар (22:00), Кальяри – ИНТЕР (23:45)

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top