Англия: «Сити»га таскин берувчи финал

«Манчестер Сити» – «Челси» 1:0
Гол: 1:0 – 84 Бернарду Силва.
«Манчестер Сити» – Ортега, Уокер, Аке, Аканжи, Стоунз (Рубен Диаш, 46), де Брюйне, Грилиш (Доку, 66), Бернарду Силва, Родри, Фоден, Алварес (Бобб, 88).
«Челси» – Петрович, Гюсто (Дисаси, 79), Тиаго Силва, Чалоба, Кукуреля (Чилуэлл, 88), Галлаҳер, Фернандес (Стерлинг, 88), Палмер, Кайседо, Мадуэке (Мудрик, 79), Жексон.
Огоҳлантиришлар: Кайседо (45), Алварес (58), Петрович (83), Фоден (83), де Брюйне (86), Фернандес (86).

Чоршанба куни «Сити» «Реал»га аламли тарзда мағлуб бўлиб, Чемпионлар лигасини тарк этганди. Қолаверса, бу ўйинда 120 дақиқа ҳаракат қилишга тўғри келганди. «Челси»да эса Англия Кубоги яримфиналига тайёрланиш учун бир ҳафта вақт бор эди. Катта эҳтимол билан шу туфайли дастлабки 10 дақиқаликда «Уэмбли»даги ўйинда рақибдан фаолроқ ҳаракатланди.

Кейин эса «Сити» ҳам вазиятлар ярата бошлади. Де Брюйне жарима майдонига аъло даражадаги узатма етказиб берди ва Фоден дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб борди. Петрович тўп томон ташланди ва англиялик футболчини тўпни чапга олиб ўтиб, ноқулай нуқтадан зарба беришга мажбур қилд – вазият бой берилди. Эҳтимол бу эпизодда Фоденнинг ўрнида Ҳоланд бўлганида бир тегинишда тўпни дарвоза тўрига жойлаши мумкин бўларди. Аммо норвегиялик тўпурар жароҳат туфайли ўйин қайдномасига ҳам киритилмаганди.

Қайсидир паллада «Сити» рақибни шу қадар босим остида қолдирдики, Аканжи бошқа бир ҳимоячи Акени рақиб жарима майдони ичида пас билан таъминлади. Кўп ўтмай ноодатий ҳолат кузатилди: Алварес қулай позициядан зарба берди, аммо де Брюйне тўп йўлида пайдо бўлди.

Танаффус арафасида «Челси»да ҳам голли вазиятлар пайдо бўла бошлади. Палмер рақиб жарима майдони ичида Родрини алдаб, кучли зарба берди, аммо Ортега қутқарди. Кейин эса у Жексонни яккама-якка вазиятга чиқариб юборди, аммо ҳужумчи суст ҳаракат қилди ва ҳатто зарба ҳам беролмади. У танаффусдан кейин ҳам деярли шундай вазиятни кўкка совурди.