Ўзбекистон | 18:23 / 30.08.2019
96128
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги илк осмонўпар бино номи эълон қилинди

29 август куни, Hyatt Regency меҳмонхонасида Murad Buildings ва Туркиянинг Özgüven компаниялари вакиллари ва журналистлар иштирокида анжуман бўлиб ўтди. Унда Tashkent Сity лойиҳаси доирасида қурилаётган қўп қаватли турар жой номи эълон қилинди. Баландлиги 266,5 метр бўладиган ушбу бино нафақат Ўзбекистондаги, балки Марказий Осиёдаги илк осмонўпар бино бўлиши кутилмоқда. Унинг номи “NEST ONE” эканлиги маълум қилинди.

Murad Buildings қурилиш компанияси раҳбари Мурод Назаров лойиҳа ҳақида батафсил ахборот берди.

– “NEST ONE” осмонўпар биноси 51 қаватли бўлиб, қўшимча 33 хил қулайликларга эга бўлади. 746 та “люкс” классидаги хонадондан иборат ушбу турар жойда кўчмас мулкни сотиш шу йилнинг 14 сентябрида бошланади. Ўз навбатида, харидорлар ўша куни нарх-наво ҳақида маълумот олишлари мумкин бўлади. Ушбу лойиҳани туркиялик ҳамкорларимиз билан амалга оширяпмиз. Дастлаб “NEST ONE” иншоотини 215 метр бўлиши айтилганди, лекин грунт таҳлилига кўра ҳамда Германия ва Туркияда ўтказилган симуляциялардан сўнг бинони янаям баландроқ қуришимиз мумкинлиги ҳақида ижобий хулоса берилди. Шундан келиб чиқиб, бино баландлиги 51,5 метрга оширилди”.

Назаровнинг қўшимча қилишича, қурилиш ишларини 2021 йилнинг декабрь ойига тугатиш режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 150 млн АҚШ долларини ташкил этади.

Бино қурилишида иштирок этаётган Туркиянинг Özgüven директорлар кенгаши раиси Ўзгур Ўнур Ўзгувен осмонўпар бинонинг хавфсизлиги ҳақида маълумот берди.

– “Бинонинг барча конструкциявий ҳисоб-китоблари, жумладан, ер силкинишига чидамлилиги синовлари тугалланган. Бу тажриба Истанбул университетида ўтказилди ва 9 балли зилзилага бардош бера олиши маълум бўлди. Шунингдек, шамол йўналиши ҳам алоҳида ҳисобга олинган. Бу бўйича синовлар Германияда ўтказилди. Ёнғин хавфсизлиги талаблари ҳам пухта ўйланган. Тизим шундай ишлаб чиқилганки, бунда одамларни эвакуация қилиш ва ёнғинни ўчириш ҳаракати бир пайтда амалга оширилади. Эвакуация тутун босишдан ҳимоя қилинган, вентиляция тизими ҳам назоратга олинган”. 

Ўзгувеннинг сўзларига кўра, иншоотни алоҳида маркадаги бетон билан таъминлаш учун махсус завод қурилмоқда. Бинонинг пойдевори мустаҳкамлиги учун Barret тизими қўлланилган.

 

Мавзуга оид