Иқтисодиёт | 12:16 / 11.09.2019
10683
2 дақиқада ўқилади

«Яширин» иқтисодиётга қарши курашишда ёрдам берувчи янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Парламент аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида яқинда концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда қабул қилинган “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қизғин муҳокама қилмоқда, деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

Билдирилишича, “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг бир қатор моддаларидаги нормалар депутатлар орасида қизғин баҳс-мунозарани келтириб чиқармоқда. Жумладан, қонун лойиҳасининг асосий тушунчалари, антимонопол қоидалар, икки ва ундан кўп тўлов тизими операторини лицензиялаш, тўлов тизимлари устидан назорат ва кузатув олиб бориш, Марказий банкнинг тўлов тизимларини назорат ҳамда мониторинг қилиш масалаларида халқаро ҳамкорликка доир нормалар парламент аъзоларининг таклифлари, фикр-мулоҳазалари асосида янада такомиллаштирилмоқда.

Қайд этилишича, миллий тўлов тизимининг янада такомиллаштирилиши юртимиз аҳолиси ва тадбиркорлик субъектлари учун хавфсиз, ишончли ва қонуний кафолатланган тўлов хизматлари бозорининг тўлақонли шакллантирилишига шароит яратади. Бу миллий тўлов тизимининг институционал, инфратузилмавий ва меъёрий-ҳуқуқий базасининг такомиллаштирилишига имкон яратади. Айни пайтда банк хизматлари қамровини, оммабоплигини илғор ахборот технологиялари асосида ривожлантириш орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг тўлов хизматлари бозоридаги талаби қондирилишига эришилади.

Айтилишича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши нақд пулсиз, жумладан, банк карталари орқали тўловларнинг амалга оширилишида аҳоли ва тадбиркорларнинг ҳамда улардан тўловларни қабул қилиб олувчилар ўртасида ҳисоб-китобларнинг замонавий, самарали тизими йўлга қўйилишига имкон беради. Шу аснода иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамли технологиялар асосида янгилашни назарда тутадиган рақамли иқтисодиётнинг такомиллаштирилишига, уни модернизация қилишга, “яширин” иқтисодиётга қарши курашиш ҳамда унинг кўламини кескин қисқартиришга замин яратади.

Мавзуга оид