22:10 / 13.09.2019
0
12760

Порошенкога тегишли банкда тинтув ўтказилди

Фото: 24tv.ua

Украинанинг терговлар давлат бюроси Киевдаги “Кузня на Рибальском” заводининг олди-сотдиси иши бўйича судгача тергов доирасида собиқ президент Пётр Порошенкога тегишли Халқаро инвестицион банкда тинтувлар ўтказди. Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлиги хабар берди. 

2019 йил майида Виктор Янукович президентлиги вақтида унинг маъмурияти раҳбари ўринбосари бўлган Андрей Портнов Порошенко ва унинг атрофидаги одамлар содир этган жиноятлар бўйича бюрога ариза беришини маълум қилганди. Портновнинг таъкидлашича, гап Панама офшорлари, армиядаги талон-тарожликлар, “Кузня на Рибальском”даги мудофаа буюртмалари ҳақида борган.

25 июлда Порошенко бюрода сўроқ вақтида ушбу иш бўйича тушунтириш берган.

2018 йил кузида тадбиркор Сергей Тигипко Порошенкодан Киевдаги заводни сотиб олганди.

Тинтув ўтказилган банк 2008 йил мартида рўйхатга олинган. 2019 йил 1 январь ҳолатига кўра, банкнинг бош акциядорлари Пётр Порошенко (60 фоиз), Игорь Кононенко (14,94 фоиз), Олег Гладковский ва Олег Зимин (ҳар бирида 9,908 фоиздан) бўлган. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top