Ўзбекистон | 09:46 / 13.09.2019
11092
3 дақиқада ўқилади

Шикастланишнинг юқори кўрсаткичлари қайд этилган ҳудудлар маълум қилинди

Фото: Dreamstime

Республика травматология ва ортопедия илмий–амалий тиббиёт марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди. Унда мазкур марказ раҳбарининг “Аҳолига травматология ва ортопедия хизматни кўрсатишнинг ҳолати тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда марказ фаолияти билан боғлиқ бир қатор муаммолар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. 

Хусусан, маълумотларга кўра, республикадаги травматизм даражаси йил сайин ошиш тенденциясини кўрсатмоқда. Бу нафақат юртимизда, балки жаҳон травматизми учун хос ҳолатдир. 2013 йил мамлакатда ҳар 100 минг аҳолига 3 160,7 шикастланиш рўйхатдан ўтган бўлса, 2018 йил якуни бўйича бу кўрсаткич 3 699,4 тани ташкил этди. 

Травматизмнинг юқори кўрсаткичлари аҳоли зич, асосан йирик шаҳарларда яшайдиган, технологик ривожланган ҳудудларда, хусусан, Тошкент шаҳри, Бухоро, Наманган, Андижон, Самарқанд, Хоразм ҳудудларида қайд қилинган.

Айни замонда травматология ва ортопедия амалиёти учун зарур йўналиш – суяк трансплантологияси масалалари (аллоген суяк тайёрлаш, сақлаш ва қўллаш) учун қонунчилик базасини яратиш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Йиғилишда қайд этилганидек, соҳада яна бир жиддий муаммо бу беморларга эндопротез қўйиш масаласидир. Бугунги кунда беморларга қўйиладиган эндопротез воситасини сотиб олиш учун харажатлар бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмайди. Беморлар ўз ҳисобидан сотиб олиб келган эндопротезлар марказда ўрнатиб берилади.

Депутатлар томонидан ўтказилган учрашувларда ҳам кўплаб беморлар эндопротезлар ишлаб чиқарилган давлатга қараб, турлича, асосан қиммат эканини билдирмоқда. Шу муносабат билан, чет эл тажрибасини ўрганган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда беморларга эндопротез ва шу каби бошқа воситалар билан таъминлашда қулайликлар яратишга доир амалий чоралар кўриши мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, айни соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш масаласи мамлакатимизда аҳолига травматология ва ортопедия хизматини кўрсатишга ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётган муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

Тадбирда ушбу масалалар бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги вакилларининг фикр-мулоҳазалари эшитилди ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш мақсадида тегишли чоралар кўриш тавсия қилинди. 

Мавзуга оид