Ўзбекистон | 18:48 / 14.09.2019
4050
4 дақиқада ўқилади

Эксперт: Адвокатларни тадбиркорлик субъектига тенглаштириш қонунга зид

Фото: Shutterstock

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Адвокатлар палатаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисида Меморандум имзоланган. Бундан суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотларни янада такомиллаштириш, суд мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жазо тизимини либераллаштириш, ярашув институтини кенгайтириш каби муҳим вазифалар кўзланади, деб ёзмоқда 1-даражали адлия маслаҳатчиси, “Адолат” СДП экспертлар гуруҳи аъзоси Бахтиёр Иброҳимов.

Шу муносабат билан, “Адолат” партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган сайловолди дастури лойиҳасига адвокатлар ҳамда адвокатура тузилмаларидан солиқ ундириш тизимини ўзгартириб енгиллик яратиш, ишларни суд босқичида кўриш жараёнида прокурор ва адвокатнинг тенглик принципини таъминлаш каби вазифалар ҳам киритилган.

Президентнинг 2018 йил 12 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарди. Натижада, амалдаги қонунчиликка бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жорий йилнинг 2 сентябрь куни янги Солиқ кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Ўзбекистон Адвокатлар палатаси мазкур Солиқ кодекси лойиҳасининг адвокатурага доир қисмлари билан келишиб бўлмаслигини маълум қилиб, ўз муносабатини билдирди.

“Адолат” СДП ҳам Адвокатлар палатаси фикрини қўллаб қувватлади. Билдирилишича, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги ва “Адвокатура тўғрисида”ги қонунларда адвокатлик тузилмалари (бюро, фирма, ҳайъат) нотижорат ташкилот ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Адвокатлик тузилмалари ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш каби тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмайди ва уларни Солиқ кодекси лойиҳасида тадбиркорлик субъектига тенглаштирилиши мутлақо асоссиз экани айтилади.

Адвокатура тузилмалари фуқароларга жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий ишлар юзасидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилади. Улар даромад (фойда) олишни кўзламайди ҳамда фаолияти давомида йиғилган даромадни (фойдани) ўз аъзолари (иштирокчилари) орасида тақсимламайди. Шунинг учун адвокатлик тузилмаларини ҳозирда амалда бўлган Солиқ кодексида белгиланганидек, нотижорат ташкилот сифатида солиқ тўлашдан озод этиш, адвокатлардан эса даромад солиғи ундириш мақсадга мувофиқдир, дейилади маълумотда.

Адвокатлик тузилмалари ҳисоб рақамига тушган маблағнинг 15 фоизни ижтимоий мажбурий тўловларга ўтказади, бундан ташқари электр энергия, иссиқ сув, совуқ сув, иситиш, электр энергия, телефон хизмати, ижара, ҳамда ходимларга иш ҳақи каби тўловларни амалга оширади.

Солиқ кодекси лойиҳасидаги тартиб жорий этилса, адвокатура соҳасида коррупцияга йўл очилиб, даромадни яшириш ҳолатлари кўпаяди ёки адвокатлик тузилмалари инқирозга учраб ёпилишни бошлайди ва яна ҳам ёмон жиҳати мурожаат қилаётган фуқаролар ва юридик шахслардан кўпроқ пул ундиришга сабаб бўлади.

Юқоридагиларга кўра, янги солиқ кодекси лойиҳаси қайтадан кўриб чиқилиши ва билдирилган эътирозлар инобатга олинишига умид қиламиз, деб ёзади эксперт.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид