11:30 / 18.09.2019
7
7976

Танзила Норбоева Жан Тодт билан учрашди. Ўзбекистон ЙҲХ бўйича БМТ асосий конвенцияларига қўшилиши мумкин

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

 2019 йил 18 сентябрь куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоеванинг БМТ бош котибининг ўринбосари, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича махсус вакили Жан Тодт билан учрашуви бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги масалалари, шунингдек бу соҳадаги ҳамкорлик қилиш, шу жумладан Ўзбекистоннинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича БМТ асосий конвенцияларига қўшилиши ва уларни амалга ошириши истиқболлари муҳокама этилди.

Томонлар қайд этганларидек, Ўзбекистон БМТнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича тўртта конвенцияси иштирокчиси ҳисобланади. Ушбу конвенциялар мамлакатнинг ишончли норматив-ҳуқуқий базасини ва йўл ҳаракати хавфсизлигининг комплекс миллий тизимларини яратишда ўз самарадорлигини исботлади.

Шу муносабат билан БМТ бош котибининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича махсус вакили Ўзбекистон ҳукуматини йўл ҳаракати хавфсизлиги кўрсаткичларини яхшилашда қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди, шунингдек Ўзбекистонни БМТнинг бу соҳадаги яна бир қатор асосий конвенцияларига қўшилишга ва уларни муваффақиятли амалга оширишига чақирди.

Учрашув якунида томонлар бу соҳадаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида мулоқотни давом эттиришга тайёрлигини билдирди, дейилади Сенат ахборот хизмати хабарида.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top