Жамият | 23:50 / 20.09.2019
99444
20 дақиқада ўқилади

Балиқчида аёллар нега очлик эълон қилган эди?

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Балиқчи тумани «Ифтихор» маҳалласида яшовчи бир гуруҳ аёллар ва бир эркак норозилик намойиши ўтказгани тасвирланган видеолавҳа тарқалди. Ушбу аёллар уйлари бузилган бўлсада, ҳокимлик томонидан компенсация пули берилмаётгани сабабли очлик эълон қилишганди.

«Биз Президент билан гаплашамиз. Бугундан бошлаб очлик эълон қиламиз ва кўчада тунаймиз. Керак бўлса асфалтга ётиб олиб, машина остига ўзимизни ташлаймиз. Ҳаммамиз жонимиздан тўйдик. Ваъдалардан зерикдик, Балиқчи тумани ҳокимлиги бизни бир йилдан бери алдаб келмоқда. Компенсация пулимизни ундириб беришсин», дейди аёллардан бири.

Kun.uz мухбири Балиқчи туманига бориб, норозилик акциясида иштирок этган аёллар ва ҳокимлик вакиллари билан учрашди.

Муаммонинг келиб чиқиши тарихи

Муаммолар туман ҳудудидаги Чинобод шаҳарчаси «Ифтихор» маҳалласида жойлашган Боғи Эрам кўчасидаги 65-умумий уйни бузиш ишлари ортидан бошланган.

2018 йилнинг май-июнь ойларида Балиқчи туманига аҳолининг ижтимоий ҳолатини ўрганиш учун республика ишчи гуруҳи келган. Ишчи гуруҳ томонидан «Ифтихор» маҳалласида 65-умумий уйда яшовчи аҳолидан тушган мурожаат ўрганилиб, мазкур уй вилоят Архитектура қурилиш давлат назорат инспекцияси, ДСЭНМ ва Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси томонидан «яшаш учун яроқсиз» деб топилади ва унинг ўрнида эски уйда яшаган хонадон эгалари учун 16 хонадонли икки қаватли уй қурилиши бошланади.

Орадан бир йил ўтгач эса тушунмовчиликлар келиб чиққан.

2018 йилнинг майидан бери Балиқчи туманига ҳокимлик қилиб келаётган Жасур Абдурайимовнинг 2018 йил 12 июнь кунги «Балиқчи тумани Ифтихор маҳалласи ҳудудида жойлашган яшаш учун яроқсиз бўлган 65-умумий турар жойларни бузиш тўғрисида»ги 2760-сонли қарори билан ушбу уйларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 20 январдаги 18-сонли қарори билан тасдиқланган «Уйлар ва турар жойларни уй-жой фондидан чиқариш тартиби тўғрисида»ги Низом талаблари асосида тўлиқ бузиб ташлаш ишлари бошланган.

Қарорда бузиб ташланган хонадон мулкдорларига 2018-2019 йилларда Балиқчи тумани «Яккатол» МФЙ ҳудудида қурилиши режалаштирилган арзонлаштирилган уйлар текинга берилиши таклиф қилинган. Агар бу таклиф рад этилса, масала махсус ишчи гуруҳ томонидан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги талабларига биноан келишув асосида ҳал этилиши белгиланган.

Шунингдек, уй бузилиши бошланганидан кейин хонадон эгаларини вақтинчаликка Балиқчи туман 6-Давлат ихтисослаштирилган махсус интернат ётоқхонаси ва бошқа қонунчиликда тақиқланмаган жойларга жойлаштириш назарда тутилган.

Лекин уй эгалари туман марказидан 12-13 километр узоқда жойлашган қишлоқдан, қариндошларидан ажралиб, ногиронлар учун ҳашар йўли билан қурилган сифатсиз уйларни олишга рози бўлишмаган. Улар бу таклифни рад қилишининг яна бир сабаби бу ҳудудда коммунал шароитлар - газ, электр ва ичимлик суви йўқлиги эди.

Шундан сўнг, уларга бузилган уйлар ўрнида қуриладиган кўп қаватли уйлар берилишига келишилган.

Уй эгаларининг аксари уйлар қуриб битказилгунига қадар ҳокимлик томонидан ажратилган ётоқхонада шароитлар яхши бўлмагани туфайли (ётоқхонада ўқувчилар ҳам бўлган, ўқиш давом этган), квартираларда пул тўлаб ёки қариндошлариникида яшашган.

Бўйинга илинган қарзлар

2018 йилнинг ноябрь ойи охирида янги уйлар тайёр бўлган ва одамлар бу уйларга кўчиб кириши бошланган.

Шу жойда чигаллик келиб чиққан. Уйлар нархини 20 йил давомида ҳар ойда маълум миқдордаги маблағни тўлаб бориш шарти билан кредитга берилаётгани маълум қилинган.

Гап шундаки, одамлар аввалига уйлар ўзларининг эски уйлари ўрнига бериляпти деб тушунишган. Чунки ёзда уйлар бузилишидан олдин уларга шундай ваъда берилганди. Уйлар учун фақат бошланғич тўловни – 25 миллион сўмни тўлаш кераклиги, шунинг 13 миллион сўмини ҳокимлик тўлаб бериши айтилган ва одамлар бу ваъдани қарсакбозлик билан кутиб олишган. Шунинг учун улар уйлар бузилиши эвазига компенсация талаб қилишмаган, уйларини ва ерларини нархлатишмаган, чунки улар ўз уйлари ўрнига қуриладиган янги уйларни кредит тўлаб сотиб олиши кераклигини билишмаган.

2018 йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида эса аҳолига уйлар «Қишлоқ қурилиш банк» маблағлари эвазига қурилгани, энди одамлар 20 йил давомида банкка пулларни қайтариб бериши, ҳар ойда кимдир 500 минг, кимдир 1 миллион сўм атрофида тўлаши, бу миқдор вақт ўтиб устама эвазига ортиб бориши ва одамларга янги уйлар ўртача 300 миллион сўмдан тушиши маълум бўлган. Кредит шартномасида дастлабки 5 йилликда 7 фоиз, қолган 15 йилликда 16 фоиздан устама тўлаш шарти назарда тутилган.

Янги уйга кираман деб келган одамлар қийин танлов қаршисида қолишган, улар тўловга қурби етмаслигини билишсада шартномага қўл қўйишга мажбур бўлишган, чунки ҳокимлик янги қурилган 16та уйнинг 4тасини (кўп қаватли уйдан ташқари шу ҳудудда яна 2 хўжалик учун коттеж қурилган) аввал бу жойда уйи бўлмаган бегона одамларга сотиб юборган. Одамлар совуқ кунларда кўчада қолмаслик учун кейин бир гап бўлар қабилида шоша-пиша шартномани имзолашган.

Янги уйларга кўчиб киришганидан кейин одамларнинг муаммолари давом этган. Биринчидан, улар ойма-ой кредитни тўлаб бориш учун пул топа олишмаган. Янги қурилган уйларда газ ва ичимлик суви тармоғи бўлмаган, уйлар ҳатто ҳожатхона ҳам битказилмасдан топширилган, ойлар давомида эркаклар масжид таҳоратхонасидан, аёллар поликлиника ҳожатхонасидан фойдаланиб яшаб келишган. Бундан ташқари, уй эгаларининг баъзиларида ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган, улар уйларни аввалги эгаларидан сотиб олишганида кадастр ҳужжатини сўрашмаган. Натижада, тўлов қилишга қурби етмаганлар ва ҳужжатлари тўлиқ бўлмаганлар уйлардан ҳайдаб чиқарилиш хавфи остида қолишган.

Эски видео

Фуқаролар тинимсиз равишда ҳокимликка, халқ қабулхоналарига, туман прокуратурасига, туман судига ва яна ҳокимликка ёрдам сўраб бораверишган, муаммо ҳал бўлавермагач Тошкентга, Адлия вазирлигига, прокуратурага, судга, инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман ва яна бошқа қабулхоналарга мурожаат қилишган. Масала кўриб чиқилиши ортга сурилаверган. Бу вақтда банк ходимлари тўловларни талаб қилиб келаверишган, бу жараён керагидан ортиқ даражада қўполликлар билан амалга оширилган.

Тоқати тоқ бўлган одамлар 2019 йилнинг 29 июлида Балиқчи тумани Ойдин кўчасида видеомурожаат тайёрлашган ва бир йил аввал бузилган уйлари учун компенсация талаб қилишган. Бу видео ўша вақтда интернетга чиқарилмаган, бундай видеони тайёрлаш орқали ҳокимият муаммога эътибор қаратиб, уй эгаларининг талабларини қондириши мақсад қилинган ва бу мақсадга деярли эришилган. Ҳокимият вакиллари одамлар билан учрашиб, уларнинг кредитларини тўлаб бериш ва зарур ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам кўрсатиш ваъда қилинган. Лекин муаммоси ҳал бўлмаган уй эгаларидан бири Малоҳатхон Исоқова 16 сентябрь куни видеони интернетга чиқаришга қарор қилган.

Айнан ўша тарқалган видеолавҳада чиқиш қилган Муборак Муҳиддинова, шунингдек Малоҳатхон Исоқова, Марғуба Абдуллаева ва Абдураҳмон Сирожиддинов муаммоли ҳолат сабаблари ҳақида гапириб беришди.

«20 йилда ким бор-у ким йўқ. Сизга уй бермаймиз, пенсионер экансиз...»

«Биз видеони икки ойча олдин тасвирга туширган эдик. Сўнг уни турли сайтларга жойлаш учун боғландик, шу билан бир вақтда туман ҳокимлигига мурожаатимизни сайтларда ва ижтимоий тармоқда эълон қилишимизни билдирдик. Шундан сўнг туман ҳокими келиб, биз билан суҳбат ўтказди. Кейинги кундан баъзи камчиликлар бартараф этила бошлади. Афсуски, видеолавҳа кимнингдир қўлида бор экан. Икки ой ўтгач интернетда тарқалиб кетди», дейди Абдураҳмон Сирожиддинов.

«Умумий уйимиз 1930 йилда қурилган эди. Ўтган йили бузилиб, ўрнига икки қаватли «Дом» қуриб битказилиши ва ундаги хонадонлар ўзимизга берилишини айтишди. Бироз соддалик қилиб, баъзи нарсаларни тушунмабмиз. Бизга бошида «уйларингиз ўрнига қурилган уйдаги квартиралар текинга берилади, бошланғич тўловларни ҳокимият тўлаб беради», дейишганди.

Муборак Муҳиддинова

Уч хона уйим бор эди, унга кадастр ҳужжатларим ҳам. Лекин, ҳеч қандай компенсация пули беришмади. Биз бошида уйимиз бузилиб, янги уй қурилгунча ҳеч нарсани тушунмаганмиз. Кейин янги уйларга кўчиб ўтганимиздан сўнг, ойлик тўловларни сўраб келишгандан сўнг, «И-е, бор уйимиз йўқ бўлиб кетиб, банкдан кредитга уй оламизми? Бизни ҳаққимиз қаерда қолди?», деб, ўша очарчилик эълон қилинган видеони тайёрладик. Мақсадимиз эса ўзимизнинг мутасаддилар кўриб хулоса чиқаришида эди», дейди онахон. 

«Умумий уйда уч хонали хонадоним бор эди. Янги уйдан ҳам уч хонали уй беришди. Энди 20 йил давомида 300 миллион тўлашим керак экан. Бу уйларда сув, газ йўқ. «Қишлоққурилишбанк» ходимлари тўлов сўраб келганида қийналиб қолдик. Мурожаатлар шундай кейин бошланди», дейди Малоҳатхон Исоқова.

«Ўша пайтда бизга янги квартира нархи 25 миллион сўм бўлади, 13 миллионини тўлаб берамиз, 12 миллионини ўзларинг тўлайсизлар дейишса, «бузилган уйимизнинг эвазига 25 миллионга янги уй битса яхшику, деб ўйлабман. Бироқ, шартномаларни имзолайдиган пайт келганда, банк ходимлари «Сизга уй бермаймиз, пенсиянгиз оз экан. Йигирма йилда ким бору, ким йўқ», дейишди. Уларга «Нима деганингиз бу, уйимни бузиб ташладиларинг-ку?», дедим. Неча марта МФЙ идорасига йиғлаб бордим. Бошланғич тўловни ҳокимият тўлаб берди, раҳмат. Лекин, 220 минг сўм пенсия билан 580 минг сўмдан ойлик тўловни тўлаб бориш жуда қийин экан. Жуда қийналиб кетдик. Эрим ногирон. Учта қизим бор. Кейин, юқоридаги гап. Ўша видеолавҳа олинди», дейди Муборакхон она.

Учта уй ўрнига битта уй

Абдураҳмон Сирожиддинов

Абдураҳмон Сирожиддиновнинг учта уйи ва тадбиркорлик қилиш учун қўшнилардан сотиб олган ер майдонлари бўлган. Аммо унга битта уч хонали коттеж берилган ва у ҳам кредитга.

«Учта уч хонали уйимиз бор эди. Бузилганидан сўнг бизга икки сотихли коттеж беришди. Ҳар ойда уйларимиз эвазига ер ва компенсация пули сўраб, туман, вилоят судига мурожаат қилдик. Бормаган идорамиз қолмади. Натижа бўлмади. Коттежимизнинг нархи 267 миллион сўм. Устамалар билан 400 миллион сўмга айланади. Четда ишлаб юрганимда бемалол тўлаб юрдим. Соғлиғим ёмонлашиб қолгач, даволаниш учун Ўзбекистонга қайтдим ва шундан кейин ойига 980 минг сўмдан тўлашга қийналдим. Тошкентга Адлия вазирлигига борсак, «Вазирлар Маҳкамаси қарорларига асосан уйинглар бузилган бўлса, компенсация пули ва ер майдони билан таъминланишларинг керак», дейишди. Мен уларга, яна 16та хонадон борлигини айтгандим, уларни ҳам чақиринглар дейишди. Биз қўшнилар билан Тошкентга бордик. Прокуратурага, омбудсманга ҳам учрадик. Шундан сўнг иш бироз яхши томонга ўзгарди, лекин биз кутган натижа бўлмади. Бу орада банк ходимлари келиб, «Тўлов қиласизлар! Бўлмаса уйни бўшатинглар», деб туришарди. Бундан ташқари, ўша пайтда «Дом»да ҳожатхона ва ичимлик суви йўқ эди. Одамлар ҳар иккиси учун кўчанинг нариги бетига ўтишган», дейди мурожаатчи.

Шу вақтда бу суҳбатга гувоҳ бўлиб турган Балиқчи тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Сарварбек Милтиллаев кўп қаватли уй олдига айни пайтда сув олиб келингани, 2019 йилнинг охиригача уйнинг ўзига ҳам катта тармоқ тортилиб, ишга туширилишини айтди.

Уй эгалари инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсманга кўпчилик бўлиб боришганидан сўнг ўзгаришлар бўлганини айтишди.

Малоҳатхон Исоқова

«Унгача 15-16 киши бўлиб компенсация сўраб, ҳар куни ҳокимиятга боравериб чарчадик. «Бўлди ҳал қиламиз» дейишарди, ҳеч фойдаси бўлмасди», дейди Малоҳатхон Исоқова.

«Муаммонинг келиб чиқиши, ҳокимият аҳолининг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб уйни буздириши керак эди. Агар мутасаддилар «20 йил давомида ойига 500 минг, 950 минг сўм тўлайсизлар» деганида биров уйини буздирмас эди. Чунки, бу ерда ўзи қўли юпқа одамлар йиғилган. Тўғри, инсон ҳуқуқлари вакилига учраганимиздан кейин туман ҳокимлиги томонидан ёрдам қилинди. Лекин, 9 ой аҳоли жуда қийналди. Эркаклар масжидга чиқади, аёллар йўлнинг нариги томонидаги поликлиникага қатнади», дейди Абдураҳмон Сирожиддинов.

Аёлларнинг айтишича, банк ходимлари пулларни сўраб келишганида жуда ёмон муомала қилишган.

«Қишлоққурилишбанк» ходими тўловга кучим етмай қолганда мени ўз уйимдан ҳайдаб ҳам чиқарди. Кийимимни тортиб йиртиб юборди. Шуниси қаттиқ алам қилди», дейди кўзига ёш олиб Муборакхон она.

«Қишлоққурилишбанк»га борганимда ўша ходим мени ҳам жуда ёмон ҳақоратлади. Менга гапирган гапларига илон пўст ташлайди. Бунақа ҳолатлар жуда кўп бўлди. Ўйланг, уй беришдан олдин мутасаддилар озгина ўйланмайдими? 300 минг сўм ойлик олиб, қандай қилиб ойига 724 минг сўм тўлаймиз?», дея унга қўшилади Малоҳат Исоқова.

Туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси изоҳи

Абдумухтор Туробжонов

Туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси Абдумухтор Туробжонов умумий уйда яшаганларнинг кўпчилигида ўз уйларига эгалик ҳуқуқи ва тегишли ҳужжатлар мавжуд бўлмагани янги хонадонларни расмийлаштиришга ва кредит маблағлари ҳокимлик томонидан ўз вақтида тўланишига халақит берганини айтди.

«Эски уйларни эгаларига янгитдан расмийлаштириш ва кадастр ҳужжатларини тиклашга жуда кўп вақт кетди. Чунки, қарорга кўра биз янги уйларни ўша умумий уй эгалари яъни мулкдорларга текинга беришни режалаштиргандик. Охирги икки ой давомида ҳужжатларни тикладик. Вилоят ва туман ҳокимлари бу борада яқиндан ёрдам беришди. Ҳозир деярли ишлар охирига етди. Хонадон эгалари буни тасдиқлашлари мумкин», дейди ҳуқуқшунос.

Унинг қўшимча қилишича, мазкур вазият туман прокуратураси томонидан вилоят ер-мулк кадастри давлат корхонаси ва бошқа ташкилотлардан тегишли мутахассислар жалб этилиб ўрганилган ва натижасига асосан, йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳақида тақдимнома киритилган.

Сўнгги икки ой давомида ҳокимлик фуқароларнинг меъёрий ҳужжатлари йиғилишига ёрдам кўрсатган ва ҳокимлик томонидан уй учун кредитни тўлаб беришни тасдиқловчи келишув шартномаси тузилган.

Фуқаролар ҳам бузилган уйларнинг катта қисмига охирги ойларда меъёрий ҳужжатлар йиғилганини тасдиқлашди.

2019 йилнинг 7 сентябрида Балиқчи тумани ҳокимининг 62-сонли фармойиши қабул қилинган. Унга кўра, 2018 йилда уйлари бузилган фуқароларга уй ўрнига пул тўловлари туман маҳаллий бюджети ҳисобидан босқичма-босқич тўлаб берилиши режалаштирилган.

Яъни, ҳокимлик 5 йил ичида уйларнинг тўловларини банкка ўтказиб беради.

Туман ҳокимлигида

Балиқчи туман ҳокимлигида бўлиб, туман ҳокими Жасурбек Абдурайимов билан суҳбатлашдик.

Жасурбек Абдурайимов

«18 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга қуйидагича изоҳ беришим мумкин. Ўтган йили республика ишчи гуруҳи томонидан Чинобод шаҳарчасидаги умумий уйнинг ҳолати ўрганилганида, вилоят Архитектура қурилиш давлат назорат инспекцияси,  ДСЭНМ ва Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси уйнинг яшаш учун яроқсиз эканлиги ҳақида хулосаларни тақдим этишди. Шундан сўнг хонадон эгалари билан ўтказилган суҳбат давомида уйларни бузиб, янгисини қуриб бериш таклифини билдирдик. Улар рози бўлишди. Шундан сўнг туман ҳокимининг Қарорига асосан янги уй қурилиши бошланди.

Хонадон эгалари вақтинчалик коллеж ётоқхонаси ва ўзларининг яқин қариндошларининг уйларига жойлаштирилди. Икки қаватли, 16 хонадондан иборат уйимиз 2018 йилнинг декабрь ойида қуриб битирилди. Шу йилнинг июль ойида ҳокимликка «Қишлоққурилишбанк» хонадон эгаларининг тўлов қобилияти йўқлиги ҳақида мурожаатлари келиб тушди. Мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи туздик ва масала ўрганиб чиқилди. Шундан сўнг ҳокимлик томонидан банк билан келишув шартномалари тузилди.

Айни пайтда бу ишлар охирига етказилган. Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирлар бундан икки ой олдин олинган. Айни пайтда хонадон эгаларидан туман ҳокимлигига ҳеч қандай эътироз йўқ.

Хонадон соҳибларига Яккатол қишлоғида қурилаётган уйлардан текинга берилиши бўйича таклиф билдирганимизда улар 1,5 сотихли икки хонадан иборат уйлар Чинобод шаҳарчасидан узоқда эканлиги учун рад қилишди. Фуқаролар ўзлари яшаб турган жойда истиқомат қилишни маъқул кўрган.

Видеолавҳалар тарқалганидан сўнг улар билан яна суҳбат ўтказдик. Улар видеолавҳалар икки ой олдин тасвирга олинганини ва айни пайтда туман ҳокимлигига ҳеч қандай эътироз йўқлигини айтишди.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозим. Янги уйларни фуқароларга расмийлаштиришда уларнинг ўзлари яшаган уйга ҳеч қандай ҳужжатлари йўқлиги бизга катта қийинчилик туғдирди. Ўтган асрда қурилган уйлар сотилиб, қўлдан-қўлга ўтиб 6-7 нафар кишилар даъво қилиши мумкин бўлган ҳолатда эди», дейди мутасадди.

Шу кунларда яна бир диққатни тортадиган ҳолат кузатилмоқда. 16 сентябрь куни эски видео тарқалиб кетганидан кейин мурожаатчиларни обрўсизлантиришга қаратилган ишлар олиб борилмоқда, нашрларда мурожаатчилар ёлғончиликда айбланмоқда, маҳаллий телевидение улардан интервью олиб, интервьюдан фақат улар узр сўраган кадрлар кесиб олиниб ижтимоий тармоқда тарқатилмоқда. 

Нима бўлганда ҳам шунча гап-сўзлар, оворагарчиликлардан кейин фуқароларнинг мурожаатлари қондирилди, энди уларни банк ходимлари ҳар ойнинг 15-санасида безовта қилиб келишмайди. Лекин шундоқ ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож одамларни шунча қийнаш, алдаш ва сарсон қилиш шартмиди? Зўрға кун кўраётган одамларнинг бўйнига шунча қарзни илиб қўйиш адолатданми?

Ахир мутасаддилар ўз вақтида уйи бузилган одамларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганиб, муаммоларни бартараф этишганида бу видео Ўзбекистоннинг имижига салбий таъсир кўрсатмаган бўлардику? Халқ қабулхоналари ва бошқа кўпдан-кўп номи улуғ ташкилотлар бир йил давомида нега бу масалага кўз юмиб келишди? Бундай муаммоларга эътибор қаратилиши ва ҳал бўлиши учун албатта кимдир кимнидир ёқиб юбориши, одамлар бошқа йўлини топа олмасдан кўчага чиқиши ёки очлик эълон қилиши шартми? Нега амалдорлар одамлар тинчгина яшаб турган уйларини бузишга бузиб қўйиб, ўрнига қонунчиликда кўрсатилган тартибда уй бермай юриб, шунча шармандагарчиликлардан кейин берилган уйни яна миннат қилиши керак? Нега йўл қўйилган хато очиқ тан олинмаяпти? Аслида ким кечирим сўраши керак?

Элмурод Эрматов
Азиз Қаршиев

Мавзуга оид