Ўзбекистон | 13:54 / 25.09.2019
7283
2 дақиқада ўқилади

ДХШ асосида ишлаётган мактаблар: қатор вилоятларда ҳолат қониқарли эмас

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Халқ таълими вазирлигининг “2019 йилдаги фаолият самарадорлиги ҳамда мақсадли вазифаларга эришишни баҳолашнинг асосий мезонлари тўғрисида”ги ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланганидек, 2019/2020 ўқув йилида коэффиценти юқори бўлган мактабларга ўқувчиларни 1-синфга қабул қилиш фақатгина микроҳудуддан амалга ошириш тартиби ва тармоқли мактабларни ташкил этиш бўйича тавсиялар асосида амалга оширилиши натижасида республика бўйича 71 та тармоқ мактаблари ташкил этилган. Касб-ҳунар коллежларининг 383 та биноси мактабларга берилиши натижасида қўшимча 224 мингдан ортиқ ўқувчи ўринлари яратилиши ҳисобига 628 та мактабнинг 1,5 коэффицентга туширилишига эришилган.

Давлат хусусий шериклик асосида фаолият кўрсатаётган умумий ўрта таълим мактаблари сони 84 тадан 100 тага етказилди. Жумладан, Андижон, Наманган вилоятларида 5 тадан, Жиззах, Самарқанд, Хоразм вилоятларида 2 тадан, Бухоро ва Тошкент вилоятларида 1 тадан мактаб ташкил этилган бўлса, қолган вилоятларда бу борадаги ишлар қониқарли эмаслиги айтиб ўтилди.

Қайд этилганидек, Корея Республикаси Эксимбанкининг кредит маблағлари ҳисобидан юртимиздаги 2766 та умумтаълим мактабини 2 859 тўплам компьютер синфлари билан жиҳозлаш учун тегишли шартномалар имзоланиб, босқичма-босқич етказиб бериляпти.

Тадбирда 2019 йилги ўқув жараёнида умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига 620 мингдан зиёд ўқувчининг қабул қилингани, мактаблари ўқувчиларини 7 та тилдаги дарслик билан таъминлаш ҳолати, ўқув хоналари, лабораторияларнинг ўқув предметларига мос жиҳозланиши, ўқитувчиларнинг методик таъминоти билан боғлиқ масалаларда амалга оширилган ишлар ва ечимини кутаётган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Мавзуга оид