16:25 / 27.09.2019
1
118366

Ихтиёр Абдуллаев иши: ДХХ раисининг собиқ ўринбосари 16 йилга, собиқ маслаҳатчи 17 йилга қамалди

Бугун, 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан айблов ҳукми эълон қилинди.

Икки ойдан ортиқ давом этган ёпиқ суд мажлисида судланувчиларнинг, уч юздан ортиқ жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувлари тингланиб таҳлил қилинган, дастлабки тергов органи томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчиларнинг важлари текширилган. Натижада, Ихтиёр Абдуллаев ташкил этган жиноий уюшма аъзоларига ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Олий суд матбуот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, ҳарбий суд ҳукми билан ДХХ раисининг собиқ ўринбосари Жаҳонгир Эгамов 16 йилга, ДХХ раисининг собиқ маслаҳатчиси Алишер Эшонхўжаев 17 йил, Тошкент шаҳри прокурорининг собиқ ўринбосари Ёрқин Абдуллаев 14 йил, Адлия вазирлиги Кадрлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Юсуфбой Хўжаев 8 йил, Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Ғайрат Ҳидоятов 5 йил, Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Баҳодир Деҳқонов 5 йил, Наманган вилоятининг собиқ прокурори Улуғбек Тошев 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, ҳар бири муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Қолган 15 нафар судланувчига ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, жазолар тайинланди. 

Бундан ташқари, суд томонидан жиноятлар оқибатида давлат, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларига етказилган моддий зарарларни қоплашга қаратилган тегишли чоралар белгиланди.

Қайд этилишича, ушбу жиноий иш билан боғлиқ терговни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Президенти хавфсизлиги Давлат хизмати раисининг ўринбосари Отабек Умаровга юклатилган эди.

Жаҳонгир Эгамов 2016-2017 йилларда Бош прокуратура тизимидаги департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган, кейинроқ МИБда ва Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига раҳбар лавозимларида ишлаган, 2018 йил февралида ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев уни ўзига ўринбосар қилиб тайинлаган, 2018 йил декабрида ишдан олинган, 2019 йил 2 январида қўлга олинган.

Ихтиёр Абдуллаевнинг божаси Алишер Эшонхўжаев турли йилларда МХХ (ҳозирги ДХХ) тизимида турли лавозимларда ишлаган, 2018 йил январидан 2019 йил январига қадар ДХХ раиси маслаҳатчиси бўлган.

2017 йилнинг майидан Олий суд раиси ўринбосари - Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимида ишлаган Баҳодир Акбаралиевич Деҳқонов эса 2019 йилнинг февралида ҳибсга олинганди.

Аввалроқ Юнусобод туманининг собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов унинг қўлга олиниши ДХХнинг собиқ раҳбарлари, хусусан, Жаҳонгир Эгамов томонидан уюштирилганини тахмин қилган эди. Абдусаматовнинг сўзларига кўра, оммавий ахборот воситаларида ҳокимнинг пора олаётганда қўлга олингани тўғрисидаги хабарлар ушбу тахминнинг асосий далилидир.

«Кимдир ёлғондан шон-шуҳратга эга бўлишни хоҳлади ва бу ишни… Давлат хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамов, бошқармаларнинг собиқ раҳбарлари амалга оширди», — деганди Бахтиёр Абдусаматов ўзининг судида.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top