Ўзбекистон | 15:51 / 25.02.2020
220245
4 дақиқада ўқилади

Отабек Муродовга суд ҳукми эълон қилинди

Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Отабек Муродовга 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди, ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва унинг ўринбосари бўлган Жаҳонгир Эгамов 19 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси олди.

Фото: KUN.UZ

Бугун, 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган собиқ бош прокурор Отабек Муродов ҳамда ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва унинг ўринбосари Жаҳонгир Эгамовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчиларнинг, етмишдан ортиқ жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб, муҳокама қилинди. Дастлабки тергов органи томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчиларнинг важлари текширилган.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Отабек Муродовни бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топган.

«Судланувчи О. Муродовга нисбатан жазо чорасини белгилашда суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва жиноят қонунчилигида белгиланган инсонпарварлик ва адолат тамойилларига ҳам асосланди. Хусусан, судланувчининг содир этган жиноятлари учун чин кўнгилдан пушаймон эканлиги ва жиноий қилмишларни фош қилишда фаол ёрдам берганлиги ҳамда жиноят оқибатида етказилган зарар тўла қопланганлиги эътиборга олинди.

Натижада, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, судланувчининг шахси, оилавий аҳволи, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар эътиборга олиниб, О. Муродовга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди», дейилади хабарда.

Шунингдек, суднинг ҳукмига кўра, Ихтиёр Абдуллаевга 19 йил, Жаҳонгир Эгамовга 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ҳар бири муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

  • Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг январидан Ўзбекистон бош прокурори лавозимида ишлаган Отабек Муродов 2019 йил ёзида лавозимидан озод этилиб, сентябрь ойида қамоққа олинганди.

  • 2015 йил апрелидан 2018 йил 31 январига қадар Ўзбекистон бош прокурори, 2018-2019 йилларда Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари бўлган Ихтиёр Абдуллаев эса 2019 йил январида ишдан кетганидан бир ой вақт ўтиб қўлга олинган, унга нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, порахўрлик билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик бўйича жиноят иши очилганди. 2019 йил сентябрида Ҳарбий суд Ихтиёр Абдуллаевни жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон Республикаси манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламачилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, жиноятлар мажмуи тариқасида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилгани хабар қилинганди.

  • 2018 йил февралида ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевга ўринбосар этиб тайинланган Жаҳонгир Эгамов 2018 йил декабрида ишдан олинган, 2019 йил 2 январида қўлга олинганди. 2019 йил сентябрида унга нисбатан 16 йилга озодлик маҳрум этиш жазоси тайинланганди. 

Мавзуга оид