Омбудсман бошчилигидаги мониторинг гуруҳи навбатдаги текширувни 6 май куни 22-сонли жазони ижро этиш муассасасида ўтказди.
Бу муассаса – ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг собиқ ходимлари учун мўлжалланган. Хусусан, Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурорлари – Рашиджон Қодиров ва Ихтиёр Абдуллаев ҳам шу ерда сақланмоқда.
Собиқ бош прокурор ўринбосари Улуғбек Суннатов ва Улуғбек Хуррамов, шунингдек, собиқ МХХ катта зобити Жавдат Шарифхўжаев ҳам шу ерда жазо муддатини ўтаяпти.



Ўтган сафарги мониторингдан фарқли равишда, бу гал ЖИЭМга борган комиссия таркибига ОАВ вакиллари киритилмади. Kun.uz мониторингда қатнашган инсон ҳуқуқлари фаоли, «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташановдан қамоқхонада собиқ бош прокурорлар билан суҳбатлашгани ҳақида сўзлаб беришини сўради.
«Аввал мамлакатимизга уч муддат бош прокурорлик қилган Рашиджон Қодиров билан суҳбатлашдик. У кишидан шароитлар, маҳкумларга муомала ҳақида сўрадим. Ҳар ҳолда ҳушёр одам – яқин бир ойда манзил колонияга чиқишини, шикоятлари йўқлигини, БМТ структураларига қийноқлар бўйича шикоят қилмаганини, соғлиғи яхшилигини айтди. «Юрак бўйича аввалроқ сангородда даволангандик, ҳозир ҳаммаси яхши», – деди Қодиров.
Кўрдикки, собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров ҳозирда тикув цехида ишламоқда. Унинг қўлидан чиққан гулдор матолардан тикилган бежирим аёллар кўйлаги ва бошқа ашёлар кўзни қувонтиради», – дейди у.











