Ўзбекистон | 14:10 / 29.09.2019
181044
6 дақиқада ўқилади

Вақтингизни ва нақдингизни сақлаб қолинг: Грин-карта ўйновчилар учун эслатмалар

Фото: Shutterstock

Эндиликда грин-карта (Green card) расмийлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти (халқона айтганда қизил паспорт) зарур.

Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш чоғида маълумотларни йиғиш пунктига қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

  • белгиланган шаклдаги ариза-анкета;
  • биометрик паспорт ёки ID-карта ёхуд 16 ёшга тўлмаган фуқаролар учун туғилганлик ҳақида гувоҳнома;
  • илгари берилган хорижга чиқиш биометрик паспорти (мавжуд бўлган тақдирда);
  • ваколатли органнинг қарори (хорижга чиқиш биометрик паспорти ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида);
  • ҳарбий гувоҳноманинг ёки чақирув участкасида қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси ёхуд мудофаа ишлари бўлимининг белгиланган намунадаги маълумотномаси — ҳарбий хизматга мажбурлар учун;
  • давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция;
  • ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг фуқаронинг хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги — вояга етмаганлар учун;
  • фуқарога ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти — вояга етмаганлар учун.

15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролар ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг вояга етмаган шахснинг мустақил равишда хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги бўлган тақдирда хорижга кузатувчисиз чиқиши мумкин (Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4079-сон қарорига 1-илова «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисида»ги Низом).

Хорижга чиқиш биометрик паспорти қанча  давлат божи тўланади?

Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига чет элга чиқиш учун биометрик паспорт берганлик учун базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 120 фоизи (223 000*1,20=267 600 cўм)

Ўзбекистон Республикасининг 16 ёшга тўлмаган фуқароларига чет элга чиқиш учун биометрик паспорт берганлик учун БҲМнинг 80 фоизи (178 400 сўм).

Паспорт қанча муддатда берилади?

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижга чиқиш биометрик паспорти маълумотларни йиғиш пункти томонидан ҳужжатлар қабул қилиб олинган кундан бошлаб ўн иш кунида, хорижда эса — дипломатик почтани жўнатиш графигига мувофиқ белгиланган тартибда берилади.

Фуқарога ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахсга (шахсларга) хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш муддати Ўзбекистон Республикасидан зудлик билан чиқиб кетишни талаб қиладиган ҳолатларда, шошилинч даволаниш зарурлигини тасдиқловчи вилоят ва республика миқёсидаги давлат тиббиёт ташкилотлари томонидан берилган ҳужжатлар, яқин қариндошининг оғир касаллиги ёки вафот этганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганида, чиқиш ҳуқуқига чеклов бўлмаган тақдирда

5 иш кунидан ошмаслиги лозим.

Фуқаро хорижга чиқиш биометрик паспортини йўқотган тақдирда янги паспорт белгиланган тартибда паспорт йўқолгани ҳақида ариза берилган кундан бошлаб бир ой ичида берилади.

Аризани кўриб чиқиш муддати Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ узайтирилиши мумкин.

Паспортнинг амал қилиш муддати қанча?

Хорижга чиқиш биометрик паспорти фуқароларга қуйидаги амал қилиш муддатларига берилади:

  • туғилган кунидан бошлаб бир ёшгача — икки йил муддатга;
  • бир ёшдан 16 ёшгача — 5 йил муддатга;
  • 16 ёшдан ошган шахсларга — 10 йил муддатга.

Амал қилиш муддати тугаганидан кейин хорижга чиқиш биометрик паспорти маълумотларни йиғиш пунктига топширилади.

Паспорт берилиши рад этилиши мумкинми?

Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришни рад этишга қуйидагилар асос бўлади:

а) агар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса — иш юзасидан узил-кесил суд қарори ёки бошқа қарор қабул қилингунгача;

б) агар шахс ички ишлар органларининг маъмурий назоратида бўлса — назорат тўхтатилгунгача;

в) агар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо ва шартли ҳукм қўлланган бўлса — жазони ўтаб бўлгунигача ёки жазодан ва шартли ҳукмдан озод қилингунигача;

г) агар шахсда суд томонидан юкланган ижро этилмаган мажбуриятлар бўлса — мажбуриятлар ижро этилгунга қадар, вояга етмаган болаларни таъминлаш учун алиментлар олдиндан тўланганлиги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг маълумотномалари билан тасдиқланган ҳолатлар бундан мустасно;

д) агар шахс ўзи тўғрисида қасддан сохта маълумотларни тақдим этган бўлса;

е) агар шахсга нисбатан ваколатли органларнинг мазкур шахс хорижда бўлганида борган мамлакатининг қонунларини бузгани тўғрисидаги ахбороти, шунингдек, хорижга чиқиши мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатувчи ахбороти (қонун бузилишлар рўйхати тегишли органлар томонидан белгиланади) мавжуд бўлса — у ҳисобга қўйилган кундан бошлаб икки йил ўтгунгача.

Буёғига паспорт столларда турнақатор навбатлар юзага келиши аниқ. Ортиқча вақтингизни ва нақдингзини бой бермасликни хоҳласангиз, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун бор йўғи 11 банддан иборат қуйидаги АНКЕТА (Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун анкета шаклини тасдиқлаш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 10.05.2019 й.

N 125-сонли буйруғи) ни мустақил тўлдириб боринг (паспорт столда ана шу арзимаган бир парча қоғоз учун «отнинг калласидай» пул олишади).

Анкетани қуйидаги линк орқали юклаб олишингиз мумкин:

Изоҳ: мазкур анкета, ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари (маълумотларни йиғиш пункти)нинг масъул ходими томонидан шакллантирилиб, анкета берган шахсга таништирилади ҳамда у томонидан имзоланади. Анкетада кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Изоҳ: мазкур анкета, ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари (маълумотларни йиғиш пункти)нинг масъул ходими томонидан шакллантирилиб, анкета берган шахсга таништирилади ҳамда у томонидан имзоланади. Анкетада кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Тошкент давлат юридик университети
Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси
 Каримжонов Муҳаммадамин

Мавзуга оид