Иқтисодиёт | 18:52 / 01.10.2019
11216
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Россия учун Афғонистонга юк транзити тарифларини бекор қилди 

Ўзбекистон Россия учун Афғонистонга юк транзити тарифларини бекор қилди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Савдо-саноат палатаси вице-президенти Владимир Падалко маълум қилди. 

Владимир Падалко

«Россиядан Афғонистонга юк транзити тарифларини бекор қилишга ўз ҳиссасини қўшган барча ҳамкасбларимизга миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. Биз буни кўп муҳокама қилдик ва бунга эришдик», – дея унинг ўзбек-рус ишбилармонлар кенгаши мажлисида айтган сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Падалконинг айтишича, ноябрь ойидан Россия компаниялари Афғонистон бозори учун жуда ҳам зарур гўшт-парранда, ёғ ва тижорий маҳсулотлари ўтказишга тайёрланишмоқда. 

Экспертнинг таъкидлашича, Ўзбекистонга Россия экспорти ўтган йили 26,5 фоиз, яъни 3,3 миллиард доллар, импорт эса 3,5 фоиз, яъни 1,1 миллиард доллар ҳисобида ошган.

«Кўп жиҳатидан ушбу ўсиш Ўзбекистон ҳукумати томонидан ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича олиб борилаётган сиёсат билан боғлиқдир», – дея қўшимча қилди Падалко.