14:20 / 10.10.2019
0
18158

Навоийдаги ЖИЭМда вафот этган маҳбус иши: аудиоёзувлар тингланди, гувоҳлар кўрсатма берди

9 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Зафар Нурматов раислигида Навоийдаги 47-сонли жазони ижро этиш муассасасида вафот этган Ш.С. иши бўйича суд мажлиси давом эттирилди.

Бу гал аввалги суд мажлисида гистолог Жамолиддин Бегбоев томонидан тақдим этилган иккита аудиоёзув жабрланувчи, айбланувчилар, адвокатлар иштирокида тингланди ва шу масалада гувоҳлар сўроқ қилинди.

Даставвал, гувоҳ сифатида аудиоёзувда Бегбоев билан суҳбатлашган Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент вилоят филиали раҳбари Ғофур Шодиевга саволлар берилди ва унинг кўрсатмалари тингланди.

«Бу аудиоёзувдаги суҳбатда рухсатсиз экспертизада қатнашиш ҳақида гап кетмоқда. Бу тазйиқ ёки босим эмас. Мутахассис экспертизага масъул ташкилот рухсати билан қатнашади. Бу экспертизада Бегбоев қатнашишидан менинг хабарим йўқ эди. Менимча, у ўз ташаббуси билан қатнашган. Доим «республика, республика» дерди. Мен бу иш бўйича қонуний кўриб чиқиш бўйича кўрсатма берганман. «Оилангни ўйла» деганим ҳам шу масалада. Кўп хатоликларга йўл қўяверди», – дейди у.

- Прокурор: «Рухсат олмаган деяпсиз. Ўзи экспертиза ўтказишнинг тартиби қандай?»

- Ғофур Шодиев: «Тартибга солувчи Низом мавжуд. Унга кўра, эксперт ишлаётган ташкилотга илтимоснома ёки билдирги киритилади. Шахсан мен бундай рухсат бермаганман».

- Прокурор: «Аудиоёзувда «мен қатнашмагин дегандим-ку» деган жойини эшитдик. Бу бўйича нима дейсиз? Бундай иштиёққа сабаб нима?».

- Ғофур Шодиев: «Менинг хабарим бўлмаган. Қатнашаётганлигини сўрасам, йўқ дея жавоб берган. Бир неча марта танбеҳларим таъсир қилмаган».

Шунингдек, судда аудиоёзув бўйича Шерзод Камалов, Муҳаммадали Ҳайдаров ва Дилшода Ҳасанова ҳам сўроқ қилинди.

Раислик қилувчи томонидан аудиоёзув ҳали далил сифатида инобатга олинмагани, бунга ҳали суд баҳо бериши таъкидланди.

Гувоҳ Дилшода Ҳасанова ўз кўрсатмаларида унга нисбатан тазйиқлар бўлганини инкор этди.

Тошкент вилоят филиалининг собиқ раҳбари Муҳаммадали Ҳайдаров ҳам қисқача тушунтириш бериб ўтди. Адвокатлар томонидан унга нисбатан бир неча савол берилди. Аввало, адвокатлар нега экспертлар ва умумамалиёт шифокорлари экспертиза бюросида эмаслигини сўраб, ички ишлар бўлимига ишларни олиб бориш учун тўплангани ва бу уларда шубҳа уйғотаётгани ҳақида айтишди. Муҳаммадали Ҳайдаров бунга жавобан экспертлар учун масофа бўйича ноқулайликлар бўлмаслиги учун шундай иш тутилгани ҳақида айтиб ўтди. Шунингдек, адвокатлар нега экспертиза тугатилмай туриб мутахассислар сўроққа тутилгани ҳақида қизиқишди.

Суд мажлиси сўнгида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизасидан мустақил экспертга навбат берилди. У марҳумнинг тери парчаси унга тегишли эканлиги бўйича экспертиза ўтказиш масаласида фикри сўралди. Эксперт фармалин моддасида сақлангани сабабли бундай экспертизани ўтказиш иложсиз эканини айтди.

Адвокатлар экспертизага эксперт жалб этиш тартиби масаласида аниқлик киритиш бўйича раислик қилувчига илтимос қилишди. Бундай масалаларга ойдинлик киритиш учун суд мажлиси 11 октябрь соат 11:00гача танаффус эълон қилди.

Маълумот учун, Навоийдаги 47-сонли жазони ижро этиш муассасасида вафот этган Ш.С. ўлими билан боғлиқ ҳодиса юзасидан Бош прокуратура томонидан ўтказилган қўшимча тергов натижаларига кўра, марҳум Ш.С.нинг ўлими вақтида тиббий ёрдам кўрсатган 4 нафар тиббиёт ходими Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан айбланиб, жиноят иши айблов хулосаси билан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига қайтарилган. Ҳозирда жиноят иши Тошкент шаҳар судида кўриб чиқилмоқда.

Бундан аввалроқ, 18 сентябрь куни ўтказилган Навоийдаги ЖИЭМда вафот этган маҳбус иши бўйича судда суд-тиббий экспертлари кўрсатма берганди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top