Жаҳон | 13:47 / 13.10.2019
30376
8 дақиқада ўқилади

Туркиянинг Суриядаги операцияси: курдлар ИШИД жангарилари сақланаётган қамоқхоналарни қўриқламоқчи эмас

Фото: AFP/GETTY IMAGES

Сурия курдлари маълум қилишдики, агар турк ҳарбийларининг юриши давом эттирилса, улар ИШИД жангарилари сақланаётган қамоқхоналарни қўриқлашга эътиборни сусайтиришга мажбур бўлишади.

«Сурия демократик иттифоқи» партияси (SDF) бошқарувидаги курдлар айни вақтда ИШИД билан алоқадорлиги учун қўлга олинган бир неча минглаб кишилар тутиб турилган қамоқхоналарни назорат қилишмоқда.

Туркия ҳарбийлари ҳафтанинг чоршанба куни курд ҳарбий бўлинмаларига қарши «Тинчлик булоғи» номли ҳарбий амалиёт бошлади ва айни вақтда турклар Сурия шимоли-шарқида ҳарбий ҳаракатларни олиб бормоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, чегара ҳудудида икки томоннинг ҳарбий ҳаракатлари оқибатида камида 50 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.

Туркия курдларни терроризмда айбламоқда ва уларни Сурия ичкарисига суриб ташлаб, чегарада 30 километрлик «хавфсиз ҳудуд» ташкил этишни исташини билдирмоқда. Туркия ҳукумати бу ҳудудга ҳозирда Туркия ҳудудида истиқомат қилаётган 3 миллиондан ортиқ суриялик қочқинларни жойлаштиришни мақсад қилган.

БМТ маълумотларига кўра, ҳарбий ҳаракатлар туфайли 100 мингдан ортиқ киши ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган, бу рақамлар 450 минг нафарга етиши ҳам мумкин.

100 мингдан ортиқ киши ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлишди / AFP

Сурия шимолидаги курд маъмурияти маълум қилишича эса, бошпанасиз қолган курдлар сони 200 мингга яқинни ташкил этмоқда.

АҚШ президенти Дональд Трампнинг америкалик ҳарбийларни Сурия шимолидан олиб кетиш ҳақидаги қарори Туркия ўз вақтида Ғарб мамлакатларига ИШИДга қарши курашда асосий иттифоқчи бўлган курдлар устига юриш қилишига имкон яратиб берди.

Курдлар нима дейишмоқда?

Чегарада Туркия ҳарбийларига қарши жанглар «Сурия демократик иттифоқи» кучларига ИШИД жангарилари қамоқхоналарини қўриқлашга халал бермоқда. Бу ҳақда ташкилот раҳбарларидан бири Редур Кселил телемурожаатида маълум қилди.

«Эндиликда ИШИД жангарилари қамоқхоналарини қўриқлаш асосий вазифа эмас. Кимни бу маҳбусларни қўриқлаш масаласи ташвишга солаётган бўлса, келиши ва ечим топиши керак бўлади», деган курдлар раҳбари.

«Курд жангчилари ўз шаҳарларимиз ва халқимизни ҳимоя қилиш учун отланди», дея қўшимча қилган Кселил. У Туркия бошлаган амалиёт ИШИД яна куч тўплашига йўл очиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

«Улар (ИШИД) уйғонмоқда, Қамишли ва Хасакада яна уларнинг ячейкалари пайдо бўлган», деган у.

ИШИД нималар қилмоқда?

Жума куни Қамишли ва Хасакада портловчи моддалар ўрнатилган автомобиллар портлатилди. Бу терактлар учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди.

ИШИД Қамишлидаги теракт учун жавобгарликни зиммасига олди / REUTERS

Курдлар томонидан маълум қилинишича, Қамишли турклар томонидан ўққа тутилганидан кейин ИШИДнинг 5 нафар жангариси қамоқдан қочиб кетганди.

Шанба куни эса ИШИД Сурияда курд қамоқхоналарида сақланаётган сафдошлари учун қасос олиш мақсадида Сурияда янги кампания бошлаганини эълон қилди.

Америкалик ҳарбийлар ҳали Сурия шимолида бўлиб турибди / AFP

Курдларнинг маълумотига кўра, Сурия шимолидаги 7та қамоқхонада ИШИД билан алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган 12 мингдан ортиқ жангари сақланмоқда. Уларнинг 4 минг нафардан ортиғини хорижий давлатлар фуқаролари ташкил этади.

Бу қамоқхоналарнинг жойлашуви ҳақида аниқ маълумотлар йўқ, аммо бу қамоқхоналарнинг аксари Туркия билан чегараларга яқин жойлашгани айтилади.

Икки лагер - Рож ва Айн Исса - ИШИД жангариларининг оила аъзолари сақланаётган лагерлар «хавфсиз ҳудуд» ичкарисида жойлашган.

Жума куни курдларнинг вакиллари Айн-Исса лагери артиллериядан ўққа тутилгани ва бу лагерни кўчириш имкониятлари муҳокама қилинаётгани ҳақида айтишди.

Туркия томони эса турк ҳарбийлари ўз йўлида ИШИД маҳбуслари лагерлари чиқадиган бўлса, улар учун масъулиятни ўз зиммасига олишини маълум қилди.

Қўшинларнинг жойлашуви

Туркия юриш бошлаганидан буён Сурия шимоли-шарқидаги Рас-ал-Айн шаҳри яқинида қақшатқич жанглар кетмоқда.

Туркия бу шаҳар устидан назорат ўрнатилгани ҳақида маълумот тарқатди, аммо курдлар бу маълумотни рад этиб чиқди.

Бир неча кундан буён шаҳар устидан Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари учмоқда ва курдларнинг позицияларига авиазарбалар берилмоқда.

Туркиянинг Суриядаги иттифоқчилари ҳам чегарадан бошлаб 30 км ҳудуддаги йўллар ва ўнлаб қишлоқлар устидан назорат ўрнатилганини маълум қилди.

Шунингдек, Сурия давлат телевидениеси маълумотига кўра, туркиялик ҳарбийлар чегара яқинидаги Сулук аҳоли пунктини ҳам эгаллашган. Бу шаҳарча Раққа вилоятининг шимолий-шарқий қисмида жойлашган.

Умуман, Суриядаги курдларнинг чегара бўйлаб 120 км узунликдаги ҳудудда жойлашган позициялари ҳам қуруқликда, ҳам ҳаводан ҳужумга учрамоқда.

Кселил ўз телемурожаатида АҚШдан ҳимоя талаб қилган ва буни америкаликларнинг «маънавий бурчи» деб атаган.

«Бизга улар ўз ҳарбийларини олдинги чизиқларга жўнатиши керак эмас... бизга керак бўлган нарса шуки, улар ҳаво ҳудудини турк самолётлари учун ёпишсин, бу эса улар учун осон иш», деган у.

Қурбонлар

Стратегик муҳим шаҳар Рас-ал-Айн жанг майдонига айланган / AFP
  • Қароргоҳи Буюк Британияда жойлашган Суриядаги Инсон ҳуқуқлари вазиятини мониторинг қилувчи ташкилот маълумотига кўра, камида 38 нафар тинч аҳоли вакили ва 80 нафардан ортиқ курд жангчиси ҳалок бўлган
  • Туркия томони маълумотига кўра, Туркия жанубига йўлланган ракета зарбалари оқибатида 17 киши, жумладан бир нафар суриялик бола ҳалок бўлган
  • Суриядаги Туркия таъсири остидаги кучлардан таркиб топган Сурия миллий армиясининг 50 нафарга яқин жангчиси, шунингдек бир нафар туркиялик аскар ҳалок бўлган

Шанба куни Сурия шимолида авиазарба оқибатида ҳалок бўлган 9 киши орасида курд ҳуқуқ фаоли ва сиёсатчиси, Сурия келажаги партияси бош котиби Хервил Калаф ҳам бор эди. У кетаётган автомашина Телл-ал-Абьяд шаҳридан жанубда пистирмага тушиб қолган. Курдлар бу ҳужумда Сурия миллий армияси ҳарбийларини айблаган.

Туркия томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳарбийлар эса бу ҳужумга алоқадорликларини рад этишган, улар буни ҳали мазкур ҳудудга кириб келишмагани билан изоҳлашган.

Сиёсатчилар нима дейишмоқда?
ИШИДга қарши уруш вақтида АҚШ бошчилигидаги коалицияга қуруқликдаги ҳаракатларда асосий кўмакчи бўлган курдларнинг етакчилари Дональд Трамп америкалик ҳарбийларни Сурия шимолидан олиб чиқишга кўрсатма беришини Туркия Сурия ҳудудига бостириб киришига розилик билдиргани сифатида қабул қилишмоқда ва АҚШни «орқадан пичоқ уриш»да айбламоқда.

Туркия 9 октябрь куни Сурияга қўшин киритганидан кейин эса Дональд Трамп Америка НАТОдаги иттифоқчиси ва курдлар ўртасида сулҳ тузилишига эришишни исташи ҳақида гапирди. Аммо Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳарбий амалиёт давом эттирилишини маълум қилди.

АҚШ ва Ғарб мамлакатларидаги кўпчилик кишилар туркларнинг юришини қоралашмоқда ва Вашингтонга босим ортиб бормоқда: АҚШдан Туркияни тўхтатиш талаб қилинмоқда. Трамп ҳам Туркияга санкциялар қўлланиш заруратга айланганини таъкидлай бошлади.

Жума куни Пентагон Сурия шимолидаги Кобани шаҳри яқинида жойлашган америкаликлар базаси турклар томонидан ўққа тутилганини маълум қилгач, Вашингтон ва Анқара муносабатларидаги кескинлик янада ошди. Туркия ҳукумати эса АҚШ базасига ҳужум қилганини рад этмоқда.

Шанба куни Париж, Берлин ва бошқа шаҳарларда минглаб европаликлар Туркиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётига қарши норозилик акцияларини ўтказишди.

Мавзуга оид