Спорт | 18:37 / 15.10.2019
60542
4 дақиқада ўқилади

ЖЧ-2022 саралаши. Ўзбекистон Сингапурда ғалабага эришди ва гуруҳда пешқадам бўлиб олди

Фото: Tribuna.uz

ЖЧ—2022 саралашининг иккинчи босқичи 4-тури доирасида Сингапур ҳамда Ўзбекистон миллий жамоалари ўртасидаги ўйин якунланди. Унда Вадим Абрамов мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий жамоаси 3:1 ҳисобида ғалабага эришди.

Ўйиндаги илк хавфли вазият 8-дақиқада кузатилди. Элдор Шомуродов ўнг қанотдан жарима майдончасига кириб борди ва тўпни ўзидан ҳам қулайроқ вазиятда турган Жалолиддин Машариповга узатди. Машарипов эса дарвозабон билан яккама-якка чиқиб бориб имкониятдан фойдалана олмади.

10-дақиқада Сингапур жуда хавфли вазият содир этди. Сингапурлик футболчининг зарбасини Элдор Суюнов катта қийинчилик билан майдон ташқарисига чиқариб юборди.

15-дақиқада ўйинда ҳисоб очилди. Санжар Қодирқуловга қарши қўполлик учун белгиланган жарима зарбасини жамоа сардори Одил Аҳмедов голга айлантирди. 35-дақиқада Ўзбекистон миллий жамоаси яна битта гол уриши мумкин эди. Одил Аҳмедовнинг қанотдан узатган тўпини Элдор Шомуродов бош билан дарвозага йўллади, аммо ҳужумчига бироз аниқлик етишмади. 39-дақиқада худди шунга ўхшаш вазият Достон Ҳамдамовда бўлди. Достон Ҳожиакбар Алижонов узатган тўпни бош билан дарвозага йўллай олмади.

1-бўлим якунида Ўзбекистон гол ўтказиб юборди. Норвегия қуйи дивизионида ҳаракат қилувчи Иҳсан Фанди ҳисобни тенглаштирди. Ҳужумчи ҳаводан узатилган тўпни бош билан дарвозага йўллади.

Иккинчи бўлимни Ўзбекистон жуда фаол бошлади. 52-дақиқага келибоқ Абрамов шогирдлари ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Элдор Шомуродов Фаррух Сайфиевнинг узатмасини бош билан дарвозага йўллади. Голдан кўп ўтмай Элдор дубль қайд этиши мумкин эди, аммо ҳимоячини алдаб ўтган Элдор бўш дарвозани ишғол қила олмади.

67-дақиқада ҳимоячидан катта тезликда ўтиб кетган Элдор Шомуродов қанотдан дарвоза томон яқинлашди ва кучли зарба билан яқин бурчакни нишонга олди, аммо Элдорнинг зарбаси тўсинга тегиб қайтди.

90+2-дақиқада эса Элдор Шомуродов ўйинга нуқта қўйди. Икром Алибоев бир пас билан Элдорни дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқарди ва терма жамоанинг асосий ҳужумчиси бўш дарвозани ишғол этди. 

Кетма-кет иккинчи ғалабадан сўнг Ўзбекистоннинг очколари сони 6тага етди ва Вадим Абрамов жамоаси вақтинча гуруҳ етакчисига айланиб олди. Фаластин ҳамда Саудия миллий жамоалари ўртасидаги ўйин давом этмоқда.

ЖЧ-2022 саралаши. Осиё минтақаси
«D» гуруҳи, 4-тур
15 октябрь, сешанба
Сингапур, «Миллий» стадиони.

СИНГАПУР — ЎЗБЕКИСТОН 1:3
Голлар:
Иҳсан Фанди (45+1) — Одил Аҳмедов (15), Элдор Шомуродов (52, 90+2).
Сингапур: Исван Маҳбуб, Ҳафиз Нор, Шаҳдан Сулайман, Шавал Ануар, Сафаван Бахарудин, Ирфан Фанди, Иҳсан Фанди (Габриэль Квак, 69), Харис Харун, Назрул Назари, Зулфахми Арифин, Хами Шахин.
Ўзбекистон: Элдор Суюнов, Ҳожиакбар Алижонов, Ислом Тўхтахўжаев, Рустам Ашурматов, Фаррух Сайфиев, Санжар Қодирқулов, Одил Аҳмедов, Отабек Шукуров (Икром Алибоев, 52), Достон Ҳамдамов (Игорь Сергеев, 90+3), Жалолиддин Машарипов (Сардор Мирзаев, 70), Элдор Шомуродов.

Мавзуга оид