Жаҳон | 14:31 / 18.10.2019
10137
2 дақиқада ўқилади

Каталонияда умуммиллий иш ташлаш бошланди

Фото: REUTERS / Albert Gea

Каталонияда умуммиллий иш ташлаш бошланди: қатор трассалар ёпилди, митинглар бўлиб ўтмоқда, Барселона аэропортида элликдан ортиқ рейс бекор қилинди.

Иш ташлаш CSC ва Каталония учун танлов касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган бўлиб, бунга Испания олий судининг ўн икки нафар сиёсатчига чиқарган ҳукми сабаб бўлди. 

Айни пайтда норозилик акциялари, митинглар ва “Мустақиллик учун марш” ҳаракати боис қатор трассалар, жумладан Андоррага олиб борувчи ягона йўл ёпиб қўйилган.

Барселонанинг Эль-Прат аэропортида 55та рейс бекор қилинди.

Ташкилотчилар сиёсий талаблардан ташқари, меҳнат ислоҳотини бекор қилиш, минимал иш ҳақи миқдорини ошириш каби талабларни илгари сурмоқда.

Бу Каталониядаги кейинги икки йил ичидаги тўртинчи умуммиллий иш ташлашдир.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Испания олий суди 12 нафар каталониялик сиёсатчини айбдор деб топди. Улардан тўққиз нафари исён кўтаришга алоқадорликда айбланиб 9 йилдан 13 йилгача озодликдан маҳрум қилинди. Бунинг ортидан Каталонияда норозилик намойишлари бошланиб кетди. Мухторият мустақиллиги тарафдорлари Барселона, Таррагона, Жирона ва бошқа шаҳарлар кўчаларига чиқишди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид