10:29 / 18.10.2019
0
7438

Метро бекатлари ички дизайнини бекатлар номига мослаштириш таклиф қилинди 

Фото: Advantour

Тошкент метрополитени бекатлари ички дизайнини бекатлар номларига мослаштириш таклиф этилмоқда. Тегишли петиция “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида эълон қилинди.

“Энг қулай транспорт тури бўлган метродан ҳар куни минглаб юртдошларимиз фойдаланишади. Ёзда салқин, қишда эса иссиқ, поездлар ўз вақтида ҳаракатланади. Тошкент метроси ўз даврининг энг ноёб лойиҳалари бўйича бунёд этилган. Метро бекатларининг бир-бирига ўхшамаслиги, уларнинг кенг ва баланд қурилганлиги, чиройлилиги кишини лол қолдиради. Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан метрополитеннинг янги йўналишларини қуриш бўйича ишлар ҳозирги кунда жадал олиб борилмоқда”, - деб ёзади мурожаат муаллифи. 

Билдирилишича, бугунги кунда мавжуд метрополитеннинг айрим бекатлари эътибордан четда қолдирилган. 

“Мисол учун, “Истиқлол” санъат саройининг қайтадан “Халқлар дўстлиги” деб номланиши, шунингдек унинг атрофида ободончилик ишларининг олиб борилганлиги, Шомаҳмудовлар оиласи монументининг қайтарилиши, республикадаги энг катта ва баланд Давлат байроғининг ўрнатилиши кишиларга қувонч олиб келди ва улар завқланиб дам олиб кетишмоқда. Содда қилиб айтганда, ушбу майдон ҳақиқий халқлар ўртасидаги дўстликни кўрсата бошлади. Лекин “Халқлар дўстлиги” метро бекатида эса бунинг акси, яъни бекат номига тааллуқли бирорта ўзгариш бўлмаган”, - дейилади петицияда.

Қайд этилишича, бекатнинг деворларидаги 32 та думалоқ ўйиқларнинг ўрни деворларни жуда хунук кўрсатади. Уларнинг 6 таси сополдан ишланган ҳар хил лавҳалар билан тўлдирилган. 

“Ўзбекистонда халқлар ўртасидаги дўстлик, тотувлик бўйича олиб борилаётган ислоҳотларга асосланиб, Республикамизнинг жаҳондаги, шунингдек МДҲ, ШҲТ ва БМТдаги тутган ролини инобатга олган ҳолда юқорида қайд этилган ташкилотларга аъзо давлатларнинг герблари ва байроқларининг суръати “Халқлар дўстлиги” метро бекати деворларига жойлаштириб чиқилса, айни муддао бўларди. Ўзингиз тасаввур қилинг, Ўзбекистоннинг гербига ёндош бўлиб яна 30 та қўшни, дўст, шерик ҳамда ҳамкор бўлган давлатларнинг герблари бекатнинг икки томондаги деворларини безаб турса, албатта, кўзингиз қувнайди. Бунинг тарбиявий аҳамияти ҳам бор назаримда. Бундан ташқари “Амир Темур хиёбони” ҳамда “Мирзо Улуғбек” бекатларида ҳам бекат номларига мос бирорта элементлар йўқ”, - дейилади мурожаатда.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Тошкент метрополитени бекатларини замон талабларидан ҳамда бекатлар номидан келиб чиқиб, қайта жиҳозлаш таклиф қилинмоқда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top