Ўзбекистон | 08:59 / 18.10.2019
24725
2 дақиқада ўқилади

Москвадан Пхукетга учган самолёт Тошкентда мажбурий қўнишни амалга оширди

Бу охирги икки кун ичида Россия авиакомпанияларининг Тошкент аэропортида режалаштирилмаган қўнишни амалга ошириши билан боғлиқ иккинчи ҳодисадир.

Фото: Flickr / Patcard

Nordwind airlines авиакомпаниясининг Москвадан Пхукетга учган Boeing-777 самолёти ўзини тажовузкор тутган йўловчи сабабли Тошкентда қўнишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Тошкент аэропорти вакилига иқтибос келтирган ҳолда “РИА Новости” ахборот агентлиги хабар берди. 

“Nordwind airlines авиакомпаниясининг Москва-Пхукет йўналиши бўйича учган N42477 рейси Тошкент аэропортида соат 23.31да мажбурий қўнишни амалга оширди. Қўнишга парвоз хавфсизлигига таҳдидни юзага келтирган йўловчилардан бирининг ўзини тажовузкор тутиши сабаб бўлган”, деб маълум қилган аэропорт вакили.

Қоидабузар рейсдан олингач ва самолётга ёқилғи қуйилгач, у соат 1.58да белгиланган манзилга учиб кетган.

Бу охирги икки кун ичида Россия авиакомпанияларининг Тошкент аэропортида режалаштирилмаган қўнишни амалга ошириши билан боғлиқ иккинчи ҳодисадир. “Аэрофлот”нинг 16 октябрда Деҳли-Москва рейсини амалга оширган А-330 самолёти Ҳиндистон фуқаросининг бетоблиги сабабли эрталаб Тошкенда қўнишни амалга оширганди. Самолёт икки соатдан кейин Москвага учиб кетган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид