Фан-техника | 19:25 / 18.10.2019
17704
10 дақиқада ўқилади

«Қуруқ гап эмас, амалиёт бирламчи». Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти кимларга, нима учун берилди?

Қашшоқликка қарши кураш бўйича стратегик дастурлар юқори доираларда, муайян қолипдаги сийқаси чиққан гаплар билан ишлаб чиқилади ва масаланинг тубигача тушилмайди. Нобель мукофотининг бу йилги лауреатлари эса қашшоқлик муаммосига ечимни қоғоздаги назариялардан эмас, реал ҳаётий экспериментлардан излаш кераклигини исботлаб беришди.

Абхижит Банержи, Эстер Дюфло ва Майкл Кремер – 2019 йилги Нобель мукофотининг иқтисодиёт бўйича лауреатлари. Улар глобал қашшоқликка қарши курашдаги экспериментал ёндашувлари учун нуфузли совринга лойиқ кўрилди.

«Бу иқтисодчиларнинг асосий ютуғи нимада?» деган саволга Forbes нашри қатор мутахассислардан жавоб олди. Экспертларга кўра, лауреатларнинг меҳнати маҳсули нафақат илмий ҳамжамият, балки кўплаб мамлакатлар ҳукуматлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ҳинд-америкалик Абхижит Банержи ва француз-америкалик Эстер Дюфло оилавий жуфтлиги Массачусетс технология институтида иқтисодиёт фанидан дарс беради. Эр-хотин Бостонда жойлашган Абдул-Латифа Жамил номидаги Қашшоқликка қарши кураш лабораториясини ҳам бошқариб келмоқда.

Америкалик Майкл Кремер эса – Ҳарвард университети профессори, Қашшоқликка қарши курашиш учун инновациялар институтида илмий маслаҳатчи бўлиб ишлайди.

Умуман, Нобель мукофотининг бир йўналишда бирваракайига уч кишига топширилиши тарихда 7-марта кузатиляпти. Эстер Дюфло эса иқтисодиёт бўйича бу совринни қўлга киритган тарихдаги иккинчи аёл бўлди.

Иллюстрация: Niklas Elmehed / The Nobel Prize

Ҳақиқий инқилоб

«Бу одамлар бутун дунёда иқтисодчилар ишлаётган ландшафтни жуда сезиларли ўзгартириб юборишди. Улар ҳақиқий инқилобни амалга оширдилар», — дейди Россия иқтисодиёт мактаби ректори Рубен Ениколопов.

«Бу йилги Нобель мукофоти профессионал иқтисодчиларга улар «олий илм-фан»ни амалиёт билан максимум уйғунлаштиргани, яъни давлат дастурлари самарадорлигига баҳо беришгани учун топширилди.

Кремер, Банержи ва Дюфло таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида биринчилардан бўлиб реал ҳаётий экспериментларни ўтказишди. Шу орқали улар бу – самарадорликни баҳолашнинг нафақат илмий асосланган, балки ўта эффектив методи эканига барчани – ҳам илмий ҳамжамият, ҳам ҳукуматларни ишонтиришди. Бу методлар қаерда қўлланса, ўша ерда вазифаларнинг вақтида бажарилиши кўрсаткичи ошади, сув тозароқ бўлади, коррупция чекинади», – дейди Чикаго университети профессори Константин Сонин.

Унинг тушунтиришича, қайсидир ислоҳот ёки давлат дастури самарадорлигини баҳолаш учун бу дастурларнинг потенциал иштирокчиларини «назорат» ва «экспериментал» гуруҳларига ажратиш керак. Режадаги ислоҳотларга дахли бўлмаганлар «назорат» гуруҳига, ислоҳотлар таъсирида бўлганлар эса «экспериментал» гуруҳга киритилади.

Буни амалда бажариш осон эмас, чунки реал ҳаётда «назорат» ва «экспериментал» гуруҳларининг ўз-ўзидан юзага келиши ҳолатлари камдан кам учрайди.

Майкл Кремер илк тадқиқотларини 1990-йилларнинг ўрталарида, Абижит Банержи ва Эстер Дюфло эса 2000-йилларнинг бошида Ҳиндистон ва Индонезияда ўтказган. Уларнинг барча тадқиқотлари ҳамма жойда бу каби гуруҳларга ажратиш мумкинлигини аниқ кўрсатиб берган. Натижада академик олимлар ва амалиётчилар кенг кўламли лойиҳалар оқибатларини баҳолаш учун кучли инструментларга эга бўлишди.

«Нобель мукофотини олган олимларни бирлаштириб турган инсон бу – Абдул Латиф Жамилдир. У тадбиркор сифатида қашшоқ оилалар ва қашшоқлик муаммосини ўрганаётган олимларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланган.

Латиф Жамил «Poverty Action Lab» лабораториясига асос солган. Бу лаборатория қашшоқлик муаммосига ечим топиш учун бутун дунё олимларини ўзига жалб қилган. Ташкилот сайтидаги маълумотга кўра, ҳозир лаборатория турли университетларда ишловчи 181 нафар профессорни ўзида бирлаштирган. Шу жумладан, Нобель мукофотининг иқтисод бўйича 2019 йилги уч совриндори ҳам айни шу лабораторияда фаолият олиб борган.

Уларнинг учаласи ҳам «Poverty Action Lab»га келгунига қадар бир нарсага ишонч ҳосил қилиб улгуришган эди: қашшоқлик даражасини камайтириш бўйича глобал ва миллий стратегиялардан айтарли наф бўлмаяпти.

Қашшоқликка қарши кураш бўйича стратегик лойиҳалар юқори доираларда, муайян қолипдаги сийқаси чиққан гаплар билан ишлаб чиқилади ва масаланинг тубигача тушилмайди. Яъни кўрилаётган чоралар конкрет оилаларга қадар етиб бормайди», – дейди Россия Олий иқтисодиёт мактаби Ижтимоий сиёсат институти директори Лилия Овчарова.

«Олимлар бундай дастурларни реал воқеликдан узилиб қолгани учун танқид қилиб келишарди. Илгари соғлиқни сақлаш ёки таълимни ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқишда ҳеч ким уларни амалиётда текшириб кўрмасди, бу эса мазкур дастурларнинг самарадорлигига халақит қиларди.

Нобель олган тадқиқотчилар глобал тараққиёт мақсадларини муайян аниқ вазифаларга ажратиш, уларни кенг миқёсда татбиқ этишдан олдин амалиётда самарадорлигини текшириш ва бу каби ёндашувларни ҳамма жойда қўллашни таклиф этишди», – деб тушунтиради Ениколопов.

«Тадқиқотчилар аниқлаган яна бир жиҳат – муайян оиладаги қашшоқлик жуда кўп омилларга боғлиқ бўлади. Бу омилларнинг комбинацияси ҳамма ерда ҳар хил. Масалан, соғлиқни сақлаш соҳасига пул киритиш мумкин, лекин бу жойда йўллар бўлмаса, тиббий ёрдамдан фойдалана олмайдиган аҳоли яшаш пунктлари сақланиб қолаверади», – дея мисол келтирмоқда Овчарова.

Натижада олимлар энг қуйи поғонагача тушиб, алоҳида олинган оиладаги қашшоқлик омилларини аниқлаш керак, деган хулосага келадилар.

Эстер Дюфло ва Абхижит Банержи / Фото: AP

Асосий тадқиқотлар

Тадқиқотчиларнинг ҳар учаласи энг камбағал мамлакатлардаги қашшоқлик муаммосини ҳал этишга ҳаракат қилишди. Майкл Кремер бевосита амалиётнинг ўзида биринчилардан бўлиб тадқиқот ўтказди. У 1990-йилларнинг ўрталарида ҳамкасблари билан бирга ғарбий Кенияда таълим соҳасидаги катта тадқиқот дастурини бошлади. Улар қўллаб-қувватлашнинг қандай чоралари таълим жараёнини яхшилашга ёрдам беришини текширишди.

Олимларнинг амалиётда исботлашича, кўп харажат талаб қилмайдиган тиббий чора-тадбирлар мактаблардаги давомат ва ўзлаштиришга катта таъсир қилади. Масалан, гижжалардан даволаш – саводсизликка қарши курашнинг осон ва самарали усуллардан бири бўлиб чиқди.

«Гельминтозга саломатлик учун шунчаки ёқимсиз ҳолат, деб қаралади. Лекин Кремер бу – анча жиддий муаммолиги, шу сабабли болалар ёмонроқ ўқишлари, мактабга камроқ боришларини кўрсатиб берди. Ва агар болалар гижжадан даволанса, уларнинг саломатлиги яхшиланибгина қолмай, билим даражаси ҳам ўсади», – дейди Ениколопов.

Кремер йилига бор-йўғи 3,5 доллар турадиган вакцинация – болаларни мактабга боришга ундашнинг бошқа усулларидан самаралироқ эканини исботлаб берди.

Банержи ва Дюфло оилавий жуфтлигига келсак, улар – «Қашшоқ иқтисодиётлар: глобал қашшоқликка қарши курашиш усулларини радикал қайта кўриб чиқиш» («Poor Economics: A Radical Rethinking of the Way to Fight Global Poverty») номли машҳур китоб муаллифи саналишади.

Кремерга ўхшаб, улар ҳам таълим дастурларининг самарадорлигини қашшоқ мамлакатлар, хусусан, Ҳиндистонда ўрганишди. Улар дарс жараёнига таъсир кўрсатиш таълим сифатини яхшилашини аниқлашди. Айнан улар ўзлаштиришдан орқада қолаётган болаларнинг репетиторлар билан қўшимча дарслари катта ижобий натижага эгалигини кўрсатиб бердилар. 

«Шунингдек, Банержи ва Дюфлонинг таълимда, аксинча, нималар бефойда экани борасидаги қизиқарли тадқиқотлари ҳам бор. Масалан, Ҳиндистонда катта муаммо мавжуд – мактаб ўқитувчилари маош олишади, бироқ дарсларга келишмайди. Тадқиқотчилар ана шу ҳолатда ходимларни рағбатлантиришнинг амалда иш бериши керак бўлган оддий усуллари «ўтмаслигини» кўрсатишди. Бу – уларнинг унчалик ҳам машҳур бўлмаган, бироқ амалий томондан аҳамиятли тадқиқотларидан биридир», – дея ҳикоя қилади Ениколопов. 

Ҳарвард университети профессори Майкл Кремер
Фото: Luke MacGregor / Bloomberg

Амалиётда қўллаш

Кремер, Банержи ва Дюфлонинг тадқиқот ишлари катта амалий аҳамиятга эга. Учаласи ҳам ривожланаётган мамлакатларда изланиш олиб борган бўлса-да, бу тадқиқотлар натижаларини ривожланган иқтисодиётлар ҳам ўзлаштирди.

«Эндиликда уларнинг ёндашувларини бутун дунёда қўллашяпти, барча янги ғояларни амалиётда синовдан ўтказишга ҳаракат қилишмоқда. Бироқ афсуски, бу ёндашув Россияда деярли қўлланилмайди», – дея хулоса қилади Ениколопов.

«Evaluation system, яъни қашшоқликни қисқартириш сиёсатини баҳолаш тизими – уларнинг асосий ютуғи бўлди. Қашшоқликнинг сабаблари билан курашиш зарур. Улар қашшоқликка қарши чораларнинг муайян оилаларга таъсирини қандай қилиб баҳолаш кераклигини ўргана олишди», – дея қўшимча қилади Овчарова.

Швеция Қироллик академиясининг маълумотларига кўра, совриндор иқтисодчилар ва улар издошларининг ишланмалари қашшоқликка қарши курашишда аллақачон ўз самарасини кўрсатиб улгурди.

Масалан, Ҳиндистондаги 5 миллиондан ортиқ бола Банержи ва Дюфло тадқиқотлари сабабли коррекцион таълим дастурларини тамомлай олишди. Кремернинг кўплаб мамлакатлардаги ташаббуслари туфайли мактаб ёшидаги болалар касалликларини даволашга субсидиялар ажратила бошланди.

Мавзуга оид