23:50 / 21.10.2019
0
19130

Ўзбекистонда қурилиш ва архитектура соҳасида тараққиётнинг янги даври бошланди — Президент

Бугун, 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Маросимда қатнашган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Президент ўз чиқиши вақтида Tashkent city қурилишидан асосий мақсад ҳақида гапирди.

«Ўзбекистоннинг замонавий қиёфасини яққол намоён этадиган янги бино ва иморатлар бугун барча шаҳар ва вилоятларимизда кўплаб қад кўтармоқда. Албатта, уларнинг орасида «Тошкент-Сити» ишбилармонлик маркази алоҳида ажралиб туради.

Гувоҳ бўлиб турганингиздек, «Тошкент-Сити» маркази ўзининг меъморий қиёфасида шаҳарсозлик санъатининг энг сўнгги ютуқларини, архитектура, муҳандислик ва дизайнерлик борасидаги ноёб ва улкан салоҳиятни яққол мужассам этади. 

Майдони 80 гектардан иборат ушбу марказни қуришдан асосий мақсад – замонавий, «ақлли шаҳар» барпо этиш, халқаро, хорижий ва маҳаллий банк-молия тузилмалари ва инвесторлар учун жонажон Ватанимиз, биринчи навбатда, гўзал пойтахтимиз жозибадорлигини оширишдан иборат», деган президент.
 
Давлат раҳбари Ўзбекистонда қурилиш ва архитектура соҳасида тараққиётнинг янги даври бошланганига урғу қаратган.

«Биз Ўзбекистон тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясини изчил амалга ошираётганимиздан халқимиз ва халқаро ҳамжамият яхши хабардор, албатта. «Тошкент-Сити» марказини барпо этиш ғояси ҳам, айнан ўша стратегия билан бир пайтда туғилган эди. Ўзбекистон тажрибасида биринчи бўлган шундай катта миқёсдаги ва ноёб лойиҳани амалга ошириш учун кўп нарсани янгитдан ўрганишимиз, тинимсиз изланишга тўғри келди.

Қисқача айтганда, «Тошкент-Сити» маркази Ўзбекистонда қурилиш ва архитектура соҳасида тараққиётнинг янги даври бошлангани, бу соҳада биз кўп нарсага қодир эканимизни кўрсатади, десак, айни ҳақиқат бўлади», деган президент.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top