15:43 / 21.10.2019
1
63078

Uzbekistan Airways’нинг Нью-Йорк - Тошкент йўналишида парвоз қилган самолёти бортида йўловчи тўполон кўтарди

Фото: KUN.UZ

Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Нью-Йорк-Тошкент йўналиши қатнови билан парвоз қилган йўловчи самолёт бортида тўполон қилди. Бу ҳақда авиакомпания хабар бермоқда.

21 октябрь куни Нью-Йорк-Тошкент йўналиши бўйича парвоз амалга оширган HY102 қатновини пойтахт аэропортида транспортдаги тармоқ ички ишлар бўлими ходимлар кутиб олишган.

Маст ҳолатда бўлган 51 ёшли эркак самолёт бортида тўполон кўтариб, ўз жойини эгаллаш ҳақидаги танбеҳларга эътибор бермасдан, уни тинчлантирмоқчи бўлган борткузатувчиларни ва атрофда ўтирган йўловчиларни ҳақорат қилган.

У ўзининг ножўя ҳаракатлари билан парвоз хавфсизлигини, шу билан бирга барча йўловчилар ва экипажнинг ҳаётини хавф остига қўйган. 

«Қатнов йўловчилари экипажга ёрдам кўрсатдилар ва қоидабузарни ўриндиққа боғлаб қўйишга тўғри келди. Тошкент шаҳрига етиб келгандан сўнг авиатўполончи транспортдаги тармоқ ички ишлар бўлими ходимларига топширилди», - дейилади хабарда.

Uzbekistan Airways йўловчилардан «Йўловчининг ҳаво кемаси ичидаги юриш-туриш қоидалари» билан яна бир бор танишиб чиқишни ва уларга риоя қилишни сўраган.

«Қатнов йўловчиларидан ноқулайликлар учун узр сўраб, экипажга кўрсатган ёрдамлари учун миннатдорчилик билдирамиз», - дея якунланган маълумот.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top