Жамият | 10:20 / 27.10.2019
55983
7 дақиқада ўқилади

Мажлисбозликдан нега қутула олмаяпмиз?

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йили кўплаб ташкилот ва идоралар аксарият ҳолларда фақат йиғилишлар ўтказиш, амалий иш қолиб, қоғозбозлик билан шуғулланаётганини танқид қилган, бош вазир Абдулла Арипов ва ўша пайтдаги бош прокурорга ҳукумат, вазирлик-идоралар, ҳокимликларда мажлислар сонини кескин қисқартириш, кўриладиган масалаларга бевосита алоқаси бўлмаган давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ва бошқа муассасалар раҳбарларини йиғилишга чақирмаслик ҳақида қатъий топшириқ берганди.

2018 йили эса Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида давлат раҳбари вилоятда мажлисбозликка бир йиллик мораторий жорий этилганини айтганди.

Шундан сўнг бош вазир Абдулла Арипов давлат органлари ва идоралари, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларига йиғилишлар график-режа асосида бўлиши, ҳафтасига 2-3тадан кўп мажлис ўтказилишига йўл қўймаслик, йиғилиш вақтини республика даражасида 2 соатдан, вилоят, шаҳар ва туманлар даражасида 1-1,5 соатдан оширмаслик, тонг саҳарлаб ёки ярим кечада йиғилишлар ўтказишни қатъиян чеклаш ҳамда йиғилишга бевосита алоқаси бўлмаганларни, шунингдек, олис ҳудуддаги раҳбар ва ходимларни маҳаллий ҳокимликларда ўтказиладиган мажлисларга асоссиз чақирмаслик бўйича кўрсатма берганди.

Бироқ ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларга кўра, бу борадаги аҳвол ўзгармаган. Президент ва ҳукумат раҳбари томонидан берилган топшириқларга қарамай, давлат ташкилотларида, маҳаллий ҳокимликларда мажлисбозлик ҳамон давом этмоқда.

«Қўшним банкда ишлайди. Ҳар куни соат 23да уйига қайтади», деб ёзади Комил Аҳмедов.

«Ўзим ҳокимиятда ишлайман, охирги пайтлар ишни ташламоқчиман. Шу берадиган 2 млн. сўм ойлигини бошқа иш қилиб топарман, жонга тегди қулдек яшаш. Одатий кунларда эрталаб соат 7:30гача келамиз ва 22:00да чиқиб кетамиз. Шанба-якшанба кунлари ҳам шу аҳвол», дея мулоҳазаларини баён қилган Одилжон Самадов.

«Айниқса, оилали аёллар соат соат 19:00дан 22:00гача мажлисда ўтириб, кейин уйига келса, нима бўлишини биларсиз», деган Нўъмонжон Бегматов.

«Мажлислардан фойда борми ёки мажлислар бирор натижа берганми? Ҳамма мажлислар юқорига ўзини ишлаётгандек қилиб кўрсатиш мақсадида қилинади, менимча», дейди Акмал Ҳасанов исмли фейсбук фойдаланувчиси.

Оталарини кўрмай ўсаётган болалар...

Блогер Хушнудбек Худойбердиев яқинда Телеграм-каналидаги постлардан бирига қолдирилган изоҳни эълон қилди. Муаллифи сир тутилган изоҳда шундай дейилади:

«Ўғлим боғчадаги ўртоқларига «менинг дадам йўқ» дебди. Қай аҳволга тушганимни таърифлаб бера олмайман. Хўжайиним тонгда ишга кетиб, фарзандларимиз ухлаганда келади. Кўп кўнгилсизликларнинг сабаби бу, раҳбарлар тушунармикин?!»

Соат 22:00да ёзилган изоҳ:

«Эрталаб соат 5да ҳокимиятда мажлис бор, ўзи ҳозир мажлисдан келдик!»

2018 йили ўтказилган блогерлар чемпионати иштирокчиси Фарида Хайрулла қизи ҳам шу мавзуда пост ёзганди.

«Уч нафар қалин дугонам бор. Хўжайинларимиз турли соҳада ишлашади. Орамиздан учтамизнинг эримиз давлат органида ишласа, биттамизники бизнес билан шуғулланади. Эри бизнесмен бўлган дугонамизга ҳамиша ҳавасимиз келади. Чунки унинг умр йўлдоши ҳамиша ёнида, кўпинча оилавий кечки сайрларга чиқишади, паркларга боришади, болалар ҳам ота-она меҳрига қониқиб ўсяпти. Хўш, биз-чи?

Эрталаб вақтли кетиб, ярим кечага яқин ёки тун ярмидан оққанда ишдан қайтишади. Ишга кетишаётгандаям, қайтганларидаям кўпинча болалар ухлаётган бўлади. Уйғоқ бўлишса ҳам, «Отангни безовта қилманглар, чарчаб келган» деб ўргатганимиз туфайли оталарининг олдига бораверишмайди. Эркакларимиз уйга келиб, зўрға овқатларини ейишга ярайдилар, гоҳида овқатланмасдан ҳам ухлаб қоладилар».

Бу каби оғриқли муносабатларни ўқиркансиз, ичингиз зил кетади. Айниқса, эрлари давлат органларида, турли вазирлик ва идораларда ишлайдиган аёлларнинг дардига қулоқ тутилса, муаммонинг кўлами яққол намоён бўлади.

Мажлисбозликнинг фойдасидан зиёни кўп

Фейсбук фойдаланувчиларидан бирининг сўзларига кўра, туманлардаги ҚОП, ҚВП раҳбарларига ўзларига бириктирилган ҳудудда яшайдиган раҳбарлардан ҳар ҳафта хабар олиш бўйича топшириқ берилган.

Яъни поликлиникадан бир врач ва ҳамшира ҳар ҳафта ўша жойда яшовчи раҳбарлар, маҳалла раисларининг уйига бориб, уларни тиббий кўрикдан ўтказиши, уларнинг соғлиғи ҳақида юқорига ҳисобот топшириши керак.

Бу маҳаллий ҳокимликлар томонидан ўтказиладиган мажлисларда бир неча киши, жумладан, маҳалла раисларининг саломатлиги ёмонлашганидан сўнг қабул қилинган чора экани айтилмоқда.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ахборот хизмати бошлиғи Арофат Умарова Kun.uz мухбирининг саволларига жавобан мажлисларда маҳалла раисларининг саломатлиги ёмонлашгани ёки вафот этгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган гап-сўзлар асоссиз эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, маҳалла ходимларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш президент фармони билан тақиқланган.

«Бу масала кенгаш раҳбариятининг доимий эътиборидадир», деб қўшимча қилди Умарова.

Ҳозирча Соғлиқни сақлаш вазирлиги қишлоқ оилавий поликлиникалари ва врачлик пунктларига берилган топшириқ юзасидан сўровга расмий изоҳ бермади. Бироқ изоҳсиз ҳам 8-10 соатлик иш кунидан кейинги мажлисбозлик ҳар қандай одамни ҳолдан тойдириши, бу эса алал-оқибат унинг соғлиғида аксини кўрсатиши кундай равшан.

Мажлисбозликдан қутула оламизми?

Сарлавҳадаги саволга етиб келдик. Бунинг учун аввало раҳбарларимизнинг дунёқараши ўзгариши керак. Бусиз иложи йўқ.

Президент ҳам, бош вазир ҳам «мажлисбозликни камайтириш, вақтини қисқартириш ва иложи бўлса ўтказмаслик» ҳақида бир неча бор такрорлаганидан кейин ҳам бу ишлар давом этаётганини қандай тушуниш мумкин?

Қолаверса, ходимлар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилот – касаба уюшмаларининг фаолиятини қайта кўриб чиқиш, уларни раҳбарларнинг қош-қовоғига қараб эмас, балки қонун ҳужжатларида ёзилганидек, ишчи-хизматчиларнинг манфаатларини амалда ҳимоялай оладиган мустақил тузилмага айлантириш фурсати етди, назаримизда.

Ана шунда белгиланган иш вақтидан ортиқ ишлатаётгани учун қонунда белгиланган тартибда қўшимча ҳақ талаб қиладиган, ишдан кейин тунги вақтда ўтказиладиган мажлисларнинг қонунларга зид эканини айта оладиган ходимлар сафи кенгаяди. Акс ҳолда, ё улар ҳаққини талаб қилгани учун ишдан бўшаб кетаверади, ё аламини ичига ютиб ишлайверади. Бундан эса ҳаммамиз ютқазамиз.

Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид