Ўзбекистон | 21:00 / 28.10.2019
4603
2 дақиқада ўқилади

Халқаро робототехника мусобақасига старт берилмоқда

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Бугун, 28 октябрь куни «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар павильонида Инновацияон ривожланиш вазирлиги томонидан «International Robotics Challenge» (IRC 2019) халқаро робототехника мусобақаси олдидан пресс брифинг ўтказилди.

Ўзбекистон робототехника федерацияси президенти Олимжон Тўйчиев 29-31 октябрь кунлари ўтказиладиган мусобақанинг мақсади, қамрови, мукофот жамғармаси хусусида ахборот берди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

«INNOWEEK» инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида ўтказилаётган ушбу танлов бу йил иккинчиси. Бу мусобақада Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлат вакиллари қатнашиши кутилмоқда. 25 мамлакатдан жами 200 нафарга яқин иштирокчилар жамоавий тарзда беллашишади. Ҳар бир гуруҳ икки нафар қатнашчидан иборат. Унда икки ёш тоифаси мавжуд: 9 ёшдан 16 ёшгача (Junior) ва 17 ёшдан 23 ёшгача. Танлов иштирокчиларини баҳолаш учун халқаро ва маҳаллий мутахассислар жалб этилади. Жумладан, сингапурлик профессор, доктор Зиё Аҳмад, ИҲТ бошқаруви аъзоси, профессор Ҳасан Басри Арслан, ИҲТнинг фан ва технологиялар бўйича доимий қўмитаси маслаҳатчиси доктор Сайид Хуршид Ҳасан, Халқаро робототехника Олимпия қўмитаси президенти Ким Жонг-Хван, Ислом ҳамкорлик ёшлар форуми президенти Тоҳ Айнан иштирок этишади», дейди у.

Қўшимча қилинишича, «The First OIC Robotic Challenge» халқаро турнирининг «Робо-футбол» йўналишида 17-23 ёшгача (Senior) бўлган иштирокчиларга 1-ўрин учун 6000 АҚШ доллари, 2-ўрин учун 4000 АҚШ доллари ва учинчи ўрин учун 2000 АҚШ доллари берилади. «Робо-Сумо» йўналишида эса 1-ўрин ғолибларига 5000 АҚШ доллари, 2-ўринга 3000 АҚШ доллари, 3-ўринга 1000 АҚШ доллари тақдим этилади. 9-16 ёшдаги ғолиблар маҳаллий ҳомийларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланишади.

3 кун давомида бўлиб ўтадиган ушбу мусобақа робототехникага қизиқувчилар учун имкониятлар майдони бўлиб хизмат қилади. Ўз ишланмаларига эга бўлган ёшлар халқаро ва маҳаллий экспертлардан фойдали маслаҳатлар, йўл-йўриқлар олишлари мумкин. 

Мавзуга оид