Ўзбекистон | 12:34 / 29.10.2019
14238
5 дақиқада ўқилади

Ижтимоий ходимларнинг лавозим бўйича тариф-малака тавсифномаси эълон қилинди

Ўзбекистонда ижтимоий ходимларнинг алоҳида лавозими бўйича тариф-малака тавсифномаси тасдиқланади. Тегишли ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Тавсифнома Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 февралдаги “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4185-сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, ижтимоий иш мутахассисларининг қуйидаги лавозимларининг тариф-малака тавсифини белгилайди:

1) Ижтимоий иш мутахассиси (фаолиятнинг барча соҳалари);

2) Оила ва болалар ҳамда ёшлар билан ижтимоий иш олиб борувчи мутахассис;

3) Ижтимоий иш мутахассисининг ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш бўйича ассистенти.

Ижтимоий иш мутахассиси ўз ташкилоти (корхона, муассасаси)да ташкил этилган штат бирлиги ва функционал вазифаларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги вазифа мажбуриятларини амалга оширади:

давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам жараёнини бошқариш ҳамда вазиятлар бўйича ишларни юритиш (кейс-менежмент): турмуш шароитини мажмуавий баҳолаш, хизматлар режасини ишлаб чиқиш, кўрсатиладиган хизматларни мувофиқлаштириш, мониторингини амалга ошириш ва натижани баҳолаш;

аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий ёрдам беришнинг оптимал шаклларини аниқлаш ва қўллаш;

оғир турмуш шароитида бўлган фуқаролар (ногиронлик, кексалик ёки беморлик даврида ўз-ўзига хизмат қила олмаслик, ишсизлик, етимлик, ёлғизлик, қаровсизлик, кам таъминланганлик, оиладаги зиддиятли ёки шафқатсиз муносабат, ҳақ-ҳуқуқларнинг бузилиши, аниқ яшаш жойининг мавжуд эмаслиги, психофаол моддаларга қарам, руҳий, ОИТС/ОИВ ва ҳ.к. касалликлар мавжудлиги сабабли ҳаёт фаолияти бузилганлар)ни комплекс ижтимоий ҳимоя қилинишини ташкиллаштириш;

ўз иш фаолиятида аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатишнинг илмий-асосли ёндашувларини қўллаш;

ногиронлиги бўлган шахслар ва гуруҳларга салбий таъсир кўрсатувчи шахсий, ижтимоий, экологик ва маънавий характерга эга бўлган қийинчиликларни англаш ҳамда уларни бартараф этишда кўмаклашиш;

ҳуқуқий, профилактик, қўллаб-қувватловчи, реабилитацион ва терапевтик хусусиятга эга психоижтимоий хизматлар кўрсатиш орқали инсонларга оғир турмуш шароитидан чиқишга кўмаклашиш;

ҳар бир мижознинг ўз ҳаётий вазиятини яхшилаши учун шахсий имкониятларидан кенг фойдаланишига ёрдам бериш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли ва гуруҳларни ижтимоий ҳимоя қилишда барча мавжуд воситалар ва жамоат ресурсларидан фойдаланиш.

Оила ва болалар ҳамда ёшлар билан ижтимоий иш олиб борувчи мутахассис ўз ташкилоти (корхона, муассасаси)да ташкил этилган штат бирлиги ва функционал вазифаларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги лавозим мажбуриятларини амалга оширади:

болалар, жумладан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлиш хавфида бўлган болалар, зўравонликдан жабр кўрган, психожисмоний ривожланишида нуқсони ва/ёки ногиронлиги бўлган, ижтимоий-ҳуқуқий хатар гуруҳига кирувчи ва бошқа ҳимояга муҳтож болаларни ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

ҳимояга муҳтож болалар учун давлат таълим-тарбия, даволаш-соғломлаштириш, ижтимоий ҳимоя муассасалари битирувчилари бўлган, шу жумладан уюшмаган ёшларнинг мустақил ҳаётга ижтимоий мослашувлари давомида юзага келувчи муаммоларини ҳал этиш чораларини кўриш, уларнинг манфаатларини илгари суриш.

Ижтимоий иш мутахассисининг ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш бўйича ассистенти қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга комплекс тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатишни амалга ошириш;

бириктирилган контингентга маиший масалаларни ҳал этишда ёрдам беради;

психоижтимоий ривожланишида нуқсони ва ногиронлиги бўлган фарзандлари бор оилаларга парвариш қилиш бўйича хизматлар кўрсатиш.

Мавзуга оид