19:36 / 29.10.2019
7
23290

Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи МДҲнинг кўп давлатларига нисбатан кам – Одилбек Исоқов

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи миқдори МДҲнинг кўп давлатларига нисбатан паст. Бу ҳақда Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Ташқи қарзимиз МДҲнинг кўп мамлакатларига нисбатан паст. Жадал ривожланаётган давлатлардан бири Грузиянинг ташқи қарзи ЯИМнинг 38,7 фоизини ташкил этади», – деди Исоқов сешанба куни бўлиб ўтган давра суҳбатида.

Ўзбекистонда эса давлат ташқи қарзи ЯИМнинг 23,5 фоизини ташкил қилади.

«Ташқи қарзнинг миқдори албатта муҳим. [Лекин] қарз қандай ишлатиляпти, қандай соҳаларга пул тикиляпти ва бунинг иқтисодиётга, халқимизнинг фаровонлиги учун таъсири қандай бўлаётгани кўпроқ муҳим деб ҳисоблайман», – деб қўшимча қилди Молия вазири ўринбосари.

Вазирлик тақдим этган маълумотларга кўра, 2019 йилнинг 1-ярим йил ҳолатига айрим давлатларда давлат ташқи қарзининг ЯИМга нисбати қуйидагича: Арманистон – 43,3 фоиз, Тожикистон – 38 фоиз, Беларусь – 33,5 фоиз, Озарбайжон – 29,7 фоиз, Украина – 27,7 фоиз, Вьетнам – 21,7 фоиз, Туркия  - 15,8 фоиз, Қозоғистон – 14,2 фоиз.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Одилбек Исоқов ўзбекистонликларни давлат қарзлари масаласида хавотирланмасликка чақиргани хабар қилинган эди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top