20:49 / 01.11.2019
0
8665

Самарқандда ўсмир йигитни калтаклаган қариндошлари маъмурий қамоқ жазоси олишди

Самарқандда қариндошлари томонидан калтакланган ўсмир йигит акс этган видео ижтимоий тармоқларда катта мунозара келтириб чиқаргани ва ўсмирни калтаклаган қариндошлари аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.

«Маълум бўлишича, 2001 йилда туғилган У.Ҳ. мунтазам равишда онаси Г.Истамова билан носамимий муносабатда бўлиб, гапларига қулоқ солмасдан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишга ружу қўйгани сабабли онаси уни тарбиялаш мақсадида қариндоши, 1988 йилда туғилган Ҳ.Истамов билан гаплашиб, ундан тарбиявий ишлар олиб боришни сўраган.

2019 йил август ойи ўрталарида Ҳ.И. қариндоши У.Ҳ.ни Спитамен шоҳкўчасида жойлашган темирчилик устахонасига олиб бориб, укаси, 1997 йилда туғилган, И.И. билан биргаликда велосипед ғилдираги чарми ва арқон бўлаги билан уриб дўппослаган.

Мазкур ҳолат терговга қадар текшириш Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 5-сонли ИИБ профилактика инспектори Азиз Мираҳмедов томонидан олиб борилган», деб хабар беради Kun.uz’га Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизмати.

2019 йил 31 октябрь куни маъмурий ишлар бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан мазкур ҳолат кўриб чиқилиб, Ҳ.И. ва И.И. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-, 194- ва 195-моддаларида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, И.И.га 11 сутка, Ҳ.И.га 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top