Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Акциядорлик жамиятлари мулклари арзон-гаров сотиб юборилишига чек қўйилади
Эндиликда акциядорлик жамиятлари мулкларининг паст нархларда давлат томонидан олиб қўйилиши ва сотилиб кетишига чек қўйилади. Бу Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги февраль ойида ишлаб чиққан қонун лойиҳасида кўзда тутилган.
Лойиҳа ҳукумат томонидан Олий Мажлисга киритилган, дея хабар бермоқда агентлик ахборот хизмати. Хабарда қайд этилишича, айни пайтда акциядорлик жамиятлари мулкининг баланс қиймати асосида паст нархларда баҳоланиб сотилиб кетиши ва бундан акциядорлар зарар кўриши ҳолатлари амалда кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар миноритар (улуши кичик бўлган) акциядорларнинг қонуний манфаатларига зид бўлиб, инвестиция муҳити ва мамлакатнинг халқаро майдондаги имижига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Мазкур муаммонинг олдини олиш ва акциядорларни ҳимоя қилиш учун агентлик томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга бир қатор ўзгартиришлар киритилиши кўзда тутилган.
Унга кўра, акциядорлик жамиятлари раҳбарияти қандайдир йирик битим тузмоқчи (жамият мулкини сотмоқчи) бўлса, бунинг учун битим шартларини мустақил аудиторлик компаниясини жалб қилган ҳолда ўрганишга мажбур бўлади. Аудитор эса битимда кўрсатилган мулкнинг бозор нархини ҳисобга олиши шарт.
Худди шундай тартиб жамият мулкини ўша жамиятга алоқадор шахс (аффилланган шахс) сотиб олаётганида ҳам қўлланилиши шарт. Мисол учун, агар қайсидир ҳокимлик давлат улуши бор акциядорлик жамиятлари ҳисобидаги мулкни давлат балансига олмоқчи бўлса, олдингидек мулкнинг баланс қиймати асосида паст нархда эмас, бозор нархида компенсация тўлашга мажбурланади.
“Ушбу қонуннинг қабул қилиниши акциядорлик жамиятларида улуши кам бўлган кичик акциядорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, хабарда Капитал бозори агентлиги акциядор ва инвесторлардан ўз ҳуқуқлари ва манфаатлари бузилган ҳолларда зарур чораларни ўз вақтида кўриш учун Агентликка мурожаат қилишларини сўрагани таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Жаҳон банки эълон қилган “Doing Business 2020” рейтингида Ўзбекистон миноритар инвесторларни ҳимоя қилиш бўйича сўнгги йил ичида 64-ўриндан 37-ўринга кўтарилганди.