Жаҳон | 20:14 / 02.11.2019
6588
2 дақиқада ўқилади

АҚШ журналистларга нисбатан зўравонликларга чек қўйишга чақирди

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, 1993 йилдан 2019 йил ноябргача дунё бўйича 1360 нафар журналист ўлдирилган. Шу билан бирга бу қотилликларнинг 90 фоизи очилмасдан қолмоқда.

Америка Қўшма Штатлари журналистларга нисбатан таҳдидлар ва зўравонликларга барҳам беришга чақиради. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Морган Ортэгуснинг Журналистларга қарши жиноятларнинг жазосиз қолишига чек қўйиш халқаро куни муносабати билан тарқатилган баёнотида айтилади.

"Қўшма Штатлар ўз вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган журналистларни ёдга олади ва журналистлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг бошқа ходимларига нисбатан таҳдидлар, қўрқитишлар ва зўравонликларга чек қўйишга чақиради. Дунёнинг кўплаб жойларида журналистлар ўлдирилмоқда, қийноққа солинмоқда, қамоққа ташланмоқда ва коррупциялашган режимларнинг қонун бузишларини фош қиладиган, террорчи ва жиноий ташкилотлар ишига халал берадиган репортажлари учун таъқиб қилинмоқда", дейилади баёнотда.

Журналистларга қарши жиноятларнинг жазосиз қолишига чек қўйиш халқаро кунига БМТ бош ассамблеяси томонидан 2013 йил 18 декабрда асос солинган. Radio France internationale журналистлари Жислен Дюпон ва Клоде Верлоне Мали шимолида ўлдирилган 2013 йил 2 ноябрь санаси ушбу кун нишонланадиган сана сифатида танланган.

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, 1993 йилдан 2019 йил ноябргача дунё бўйича 1360 нафар журналист ўлдирилган. Шу билан бирга бу қотилликларнинг 90 фоизи очилмасдан қолмоқда.

Мавзуга оид