17:30 / 06.11.2019
0
32624

Ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган етакчи брендлар Ўзбекистонда янги имкониятларни кўрмоқда

Фото: KUN.UZ

«Cotton Campaign» халқаро коалицияси Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигидаги делегация билан кечган музокаралар юзасидан 1 ноябрь куни баёнот эълон қилди.

Маълум бўлишича, октябрь ойининг иккинчи ярмида Вашинтонда кечган учрашувда Сардор Умурзоқов Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга чек қўйишга доир чора-тадбирлар Йўл харитасини тақдим этган.

Музокараларда қатнашган АҚШ Мода саноати уюшмаси президенти Жули Ҳьюз ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган компаниялар мамлакатдаги «янги имкониятлар»ни чамалашаётгани ҳақида айтган.

«Ислоҳотлар йўлида қилинаётган ҳаракатларга баҳо бериш имконига эга бўлишни сабрсизлик билан кутиб қоламиз ва умид қиламизки, ривожланишни ортга қайтариб бўлмаслигига ишонч ҳосил қила оламиз. Боиси брендлар Ўзбекистонда янги имкониятларни кўриб чиқишмоқда», – дейди Ҳьюз.

Қайд этиш жоиз, ўзбек тўқимачилик саноатига нисбатан бойкотга қўшилган етакчи бренд ва ретейлерлар сони 312тани ташкил қилади.

Ўзбекистон ҳукуматининг «Cotton Campaign» билан бевосита мулоқоти бир ярим йилдан ошиқроқ вақтдан буён давом этмоқда.

Шу йил июнь ойида коалиция Ўзбекистон томонининг сўровига биноан, мамлакатда мажбурий меҳнатга барҳам бериш учун дарҳол ва узоқ истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган чоралар бўйича тавсиялар дастурини тузиб берган эди. Унда қуйидаги учта асосий йўналиш кўрсатиб ўтилган: тизимли мажбурий меҳнатга чек қўйиш, тузилмавий ислоҳотлар ўтказиш ва фуқаролик жамияти ривожига йўл очиб бериш.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил март ойида АҚШ Меҳнат департаменти Ўзбекистонда етиштирилган пахтани мажбурий ёки болалар меҳнати воситасида етиштирилган маҳсулотлар «қора рўйхати»дан чиқарган эди.

Орадан кўп ўтмай, «Ўзтўқимачиликсаноат» бошқарув раиси Илҳом Ҳайдаров «Cotton Campaign» коалициясининг бойкоти 2020 йил бошида бекор қилиниши мумкинлигини айтганди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top