16:53 / 11.11.2019
3
17312

Мактабларда нега экология фани йўқ? Улуғбек Иноятов Экопартия саволига жавоб берди

Улуғбек Иноятов / Фото: Kun.uz

«Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунга асосан, барча турдаги таълим муассасаларида экология ўқуви мажбурий этиб белгиланган. Шунга қарамай, мактабларда алоҳида экология фани ўтилмайди.

10 ноябрь кунги дебатда мазкур масала юзасидан Экологик партия вакили Ўзбекистон Халқ демократик партияси лидери Улуғбек Иноятовга савол билан мурожаат қилди.

«ХДП лидери Халқ таълими вазири бўлиб ишлаган даврда ҳам, ҳозир ҳам экология фан сифатида алоҳида ўқитилмайди. Шунга муносабат билдирсангиз», дея Иноятовга юзланди Экопартия вакили.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бунга жавобан Улуғбек Иноятов экологияни мактабларда алоҳида фан сифатида ўқитишга зарурат йўқлигини айтган.

«Мен бу саволга партия лидери сифатида эмас, таълим ходими сифатида жавоб бераман. Умуман, давлат таълим стандартларида фанларнинг узвийлиги ва изчиллиги белгилаб қўйилган. Худди шундай, экологик таълим 1-синфдан 11-синфгача, барча фанларда интеграциялашган ҳолатда изчиллик билан ривожланиб боради. Яъни 1-синфда табиат билан танишиш бўлса, юқорида синфларга бориб биология, илм ва фундаментлар фанлар билан боғланган ҳолда ўқитилади.

Шу муносабат билан, алоҳида бир фан сифатида буни [экологияни] ўқитишни шарт деб ҳисобламаймиз», – деди Улуғбек Иноятов.

Эслатиб ўтамиз, якшанба куни Ўзбекистон тарихида илк бор барча сиёсий партиялар лидерлари ўртасида «Демократик дебат» ток-шоуси бўлиб ўтди.

«Сиз кўпни кўрган бўлсангиз ҳам, шу пайтгача бундай дебатни кўрмагансиз», деб эълон қилди бошловчи ток-шоу аввалида.

Амалда эса дебатлар жиддий сиёсий баҳсдан ҳам кўра кўпроқ шоу шаклида ўтди. Жонли эфирга узатилмаган дебатлар аввалида қатнашчиларга декабрдаги сайловлар борасида аҳолининг фикри ўрганилган сўровнома намойиш қилинди.

Сўровномадан маълум бўлдики, фуқароларнинг аксарияти 22 декабрда қандай сиёсий воқелик кутилаётгани, Ўзбекистонда нечта партия борлиги ва уларни кимлар бошқараётганидан бехабар.

Маълумот учун, шу йил 22 декабрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top