Ўзбекистон | 20:49 / 26.06.2023
10058
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида президентликка номзод Абдушукур Ҳамзаевнинг сайловчилар билан навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди

Ўзбекистон Экологик партиясидан президентликка номзод Абдушукур Ҳамзаев иштирокида Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги маданият саройида бўлиб ўтган учрашувда сув танқислиги муаммоларини бартараф этишга қаратилган режалар муҳокама қилинди.

Фото: Ўзбекистон Экологик партияси

Мазкур учрашувда Абдушукур Ҳамзаев сайловчиларни ўз сайловолди дастуридаги муҳим йўналишлар билан таништириб ўтди. Номзод ўз маърузасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳоли учун қулай атроф-муҳит шароитларини яратиш масалаларига тўхталиб ўтди:

“Тошкент вилоятининг қатор ҳудудларида канализация ва сув тозалагич иншоотлари ҳамда чиқиндилар билан боғлиқ кўплаб муаммолар мавжуд. Бу эса вилоят аҳолисига турли ноқулайликлар келтириб чиқаради. Экологик партия томонидан эса шу каби масалалар ҳисобга олиниб, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, оқова сув тармоқларини ривожлантириш, атмосферага ташланмаларни камайтириш, чиқиндиларни қайта ишлашни рағбатлантиришга қаратилган давлат сиёсатини юритиш таклифи илгари сурилмоқда”,- деди номзод.

Учрашувда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар олиб бориш:

– аҳолининг, айниқса, қишлоқ жойларда яшаётган фуқароларни тоза ичимлик сув таъминотини яхшилаш;

– қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда сувни чучуклаштирувчи локал қурилмалар барпо этиш тизимини жорий этиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

– аҳоли яшаш пунктларида бадбўй ҳид чиқараётган, локал оқова сув тозалаш иншоотлари бўлмаган ҳар қандай корхона фаолиятини белгиланган талабларга жавоб берадиган технологиялар жорий этилмагунча тўхтатиш таклиф этилаётгани таъкидланди.

Бундан ташқари, оқова сувларни тозалаш иншоотларининг самарадорлиги паст бўлган Ангрен, Гулистон, Самарқанд, Жиззах, Урганч, Нукус, Андижон, Чирчиқ ва Тошкент шаҳарларидаги оқова сувларни тозалаш иншоотларини модернизация қилиш ҳамда янгиларини қуриш чоралари кўрилиши маълум қилинди.

Абдушукур Ҳамзаев давлат экологик сиёсатининг устувор йўналишларини белгилашга қаратилган “Барқарор экологик ривожланиш Стратегияси“ни қабул қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш истиқболларини белгилашга қаратилган “Яшил энергетика Стратегияси”ни қабул қилиш, сувдан самарали фойдаланиш ва унинг маҳсулдорлигини оширишга қаратилган Миллий дастурни ишлаб чиқиш, қатор халқаро ҳужжатларга аъзо бўлиш каби таклифларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон Экологик партияси ахборот хизмати

Мавзуга оид